07:13 / 30.09.2016
20821

Тожикистон президенти Ўзбекистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбега амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни кутиб олди.

Томонлар тожик-ўзбек муносабатларининг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди ҳамда уни янада кенгайтириш йўлларини кўриб чиқишди.

Учрашув давомида охирги вақтда икки давлат ўзаро муносабатларидаги ижобий тенденциялар, жумладан савдо айланмаси ҳажмининг ошиши, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳукуматлараро комиссияси ишининг фаоллашгани ҳамда доимий сиёсий маслаҳатлашувлар ва юқори даражадаги мулоқотларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди. 

Томонлар, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилишди ҳамда Марказий Осиёда ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг бош шарти сифатида минтақавий хавфсизликни таъминлаш муҳимлигига эътибор қаратишди.

Ўзаро саъй-ҳаракатлар соҳасида кўплаб нарсаларга эришилгани ва икки давлатнинг тегишли тузилмаларига давлатлараро алоқаларнинг бутун мажмуасини ривожланишнинг янги траекториясига чиқариш мақсадида режали ишни ўтказиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Тожикистон президенти ўзаро муносабатлар Тожикистон ташқи сиёсатида устувор характерга эгалигини қайд қилиб ўтди.

Тожик-ўзбек муносабатларининг бутун мажмуасини сермазмун илгари суриш учун қулай шароит яратишнинг муҳим омили сифатида иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги даражасини ошириш биринчи навбатдаги муҳим масала сифатида белгиланди.  

Шу билан бир вақтда, сув-энергетика ва транспорт-логистика соҳалари, фуқароларнинг икки давлатга ўзаро ташрифлари масалалари фаол ўзаро ҳаракатларни талаб қилувчи йўналишлар сифатида эътироф этилди.

 

Top