00:11 / 05.10.2016
10060

Google тўлиқ ўзи ишлаб чиққан смартфонни тақдим этди

Google компанияси Сан-Францискодаги тақдимот вақтида иккита янги смартфонлар - Pixel ва Pixel XL'ни намойиш этди. 

Ҳар икки телефонда ҳам 4 гигабайтли оператив хотира ва 32 ёки 128 гигабайтли доимий хотира, шунингдек, Snapdragon 821 процессори мавжуд. Икки модель ўртасидаги асосий фарқ — AMOLED дисплейининг ҳажми. Pixel' — 5 дюймли дисплей (1080p), Pixel XL'да эса — Quad HD имкониятли 5,5 дюйм (2560 пикселларда 1440).

Смартфонларда USB-C порти ва 3,5 миллиметрли аудиотешик, шунингдек, орқа панелда бармоқ изи сканери мавжуд. 

HTC бренди ҳақида ҳеч нима айтилмади. Компания қурилмани фаол тарзда «Google смартфони» деб тарғиб қилмоқда.

Pixel — Google Assistant овозли ёрдамчи (Siri муқобили)га эга Google'нинг илк қурилмасидир. У фойдаланувчининг одатларини ўргана бошлайди ва шунга яраша жавоб қайтаради.

Google сўзларига кўра, улар смартфон учун мавжуд камералар ичида энг яхшисини ўрнатишга муваффақ бўлишган. DxOMark сайтининг фикрича, Pixel камераси iPhone 7 (89 фоизли рейтинг 86 фоизга қарши) қурилмасига нисбатан анча яхшироқ.

Google қайд этишича, Pixel смартфонида энг тезкор мобиль камера мавжуд. Унда оптик муқобиллаштириш йўқ, гироскоп орқали видеоларни муқобиллаштириш имкони мавжуд. Камера 12,3 мегапикселли сенсор асосида қурилган. Унинг диафрагмаси — f/2.0.

Pixel яна бир хусусияти — тезкор зарядлаш. Google 15 дақиқа қувват олгандан сўнг батарея 7 соатга яқин ишлашини ваъда қилмоқда.

Смартфон шунингдек, 79 доллар қийматида бўлган Google Daydream виртуаль реаллик шлемини ҳам кўтара олади.

Қурилма уч хил ранг — қора, кумуш ва кўк (чекланган нусха) рангларда ишлаб чиқарилади.

32 ГБли Pixel — 649 доллар, 128 ГБ нархи эса — 749 доллар бўлади. Pixel XL 769 доллар (32 ГБ модель учун) ва 869 доллар (128 ГБ хотирали модель учун) атрофида бўлади.

Аввалдан буюртма қилиш АҚШ, Канада ва Австралияда 4 октябрдан, Ҳиндистонда эса 13 октябрдан бошланади. Қолган мамлакатлардаги савдо санаси маълум қилинмаган.

Top