11:05 / 09.10.2016
5134

Гаитида "Мэттью" қурбонлари хотирасига 3 кунлик мотам бошланди

Фото: AFP

Гаити ҳукумати ўтган ҳафтада "Мэттью" довули туфайли қурбон бўлганлар хотираси учун 3 кунлик мотам эълон қилди. Бу орол давлатда табиий офат туфайли 900дан ортиқ киши ҳалок бўлган, вабо бошлангани тасдиқланган.

Қутқарувчилар ҳали ишни якунлашмаган, соғлиқни сақлаш вазирлиги қурбонлар сони ортиши мумкинлигини билдирган.

Тиббиёт ходимлари 2010 йилги зилзиладан кейин бўлгани каби вабо юзага келиши мумкинлигини тасдиқлашган.

Гаити сайёранинг энг камбағал мамлакатларидан бири ҳисобланиб, ижтимоий инфратузилмалар ночор ҳолатда.

"Мэттью" довули Кариб ҳавзасига бостириб келган кейинги 10 йилликдаги энг йирик бўрон бўлди. Бу табиий офат Сафир-Симпсон шкаласи бўйича мавжуд беш даражанинг энг юқори ҳолатини қайд этди. Шамол тезлиги соатига 230 км бўлди.

Ҳозирда довул АҚШнинг жануби-шарқий штатларига етиб борган, унинг тезлиги соатига 120 км тезликкача тушган.

АҚШнинг Флорида, Жанубий Каролина ва Жоржия штатларида фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилиниб, аҳоли хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган.

Шанба куни АҚШда ушбу табиий офат туфайли 10 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Top