19:18 / 10.10.2016
15181

Самвел Бабаян: «Ортга йўл йўқ»

Фото: maydon.uz

Ўзбекистон - Хитой ўйинидан олдин ташкиллаштирилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ва ярим ҳимоячи Сервер Жепаров иштирок этди.

Самвел Бабаян:
— Хитой Осиёда ўз ўрнига эга бўлган жамоа. Шу сабабли ҳам бизга осон бўлмайди.

Сервер Жепаров:
— Хитой биз учун азалдан қийин рақиб бўлиб келган. Эртага ҳар икки жамоага осон бўлмайди.

Ж: — Сергеев, Сардор Рашидов ва Ислом Тўхтахўжаевнинг ўйинида пасайиш юзага келгани сизга ҳам сезиляптими?
М: — Сергеев, Сардор Рашидов, Тўхтахўжаев жамоамизнинг муҳим ўйинчиларидан ҳисобланади. Тўғри, улар хато қилишмоқда. Уларга етарлича кўрсатмалар берганмиз.

Ж: — Жамоа ўйинга қанчалик тайёр?
М: — Эронга қарши ўйинни унутиб, эртанги ўйинга таёргарлик кўрдик. Охирги 3 ўйинда биз ўзимизнинг энг оптимал ҳолатимизга кела олмадик. Яъни энг кучли таркибни йиға олмадик. Айнан мана шу нарса бизга муаммо туғдирмоқда.

Ж: — Хитой терма жамоаси жуда тезкор ўйин намойиш этади. Қарши ҳужумлар сизни хавотирга қўймаяптими? Бундан ташқари ўнг қанотга мослаша олмаётган Тўхтахўжаевни Даврон Ҳошимов билан алмаштиришингиз мумкинми?
М: — Дарҳақиқат, Хитой жуда ҳам тезкор ўйин намойиш этади. Тўхтахўжаевнинг ўйинида бироз пасайиш кузатилгани бор гап. Таркиб борасида якуний қарорни эртага чиқарамиз. Эртага биз фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Ортга йўл йўқ. Мухлисларимизни хурсанд қилиш учун боримизни берамиз.

Top