15:45 / 12.10.2016
14416

Исроил бир кунга ташқи дунё билан алоқаларини узди

Фото: Fotolia

Исроилликлар бир кунга ташқи дунё билан алоқаларини узиб, одатдаги фаолиятларига чек қўйишди. Йом Кипур диний рўза куни муносабати билан хавфсзлик чоралари кучайтирилди. 

Йом Кипур ёки Ҳукм куни, яҳудийлар анъанасига кўра, ҳар бир инсоннинг ўтган бир йилдаги ҳаётига якун ясалиб, келгуси бир йиллик тақдири белгиланади. Шу муносабат билан, яҳудийлар ҳаётнинг дунёвий ва жисмоний тарафини ёддан чиқаришлари керак бўлади. Улар, ўтмишини мулоҳаза қилишлари ва махсус ибодатларни адо этишлари лозим. 

Исроил ҳукумати Йом Кипур кунида чегара ўтказув постларини ёпиб, Фаластиннинг Иордан дарёси ғарбий соҳили ва Ғазо секторида "қамал тартиби"ни жорий қилди.

Шу билан бирга, Исроилнинг ташқи дунё билан ҳаво ва денгиз алоқаси тўхтатилган. Мамлакатнинг ўзида идора ва корхоналар, дўконлар, ресторанлар ишламаяпти.

Транспорт воситалари, шу жумладан хусусий автомобилларсиз кўчалар ҳувиллаб қолган. Маҳаллий радио ва телеканаллар эшиттириш ҳамда кўрсатувларни тўхтатган. 

Йом Кипур муносабати билан полиция минглаб ходимларини кучайтирилган хизмат тартибига ўтказган. 

Top