00:39 / 12.10.2016
43452

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 11 октябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.Бу ҳақда uza.uz хабар бермоқда. 

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафарини Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ушбу воҳага ташрифини одатда мазкур муқаддас қадамжони зиёрат қилишдан бошлар эди. Ислом Каримов ташаббуси билан буюк аллома абадий қўним топган ушбу масканда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, зиёратчилар учун барча қулай шароитлар яратилган.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев божхона терминали ҳам бўлган «Termez Cargo Сentre» халқаро логистика маркази ва бу ерда ташкил этилган автокемпинг фаолияти билан танишди.

Катта миқдордаги юкларга ишлов бериш ва уларни тушириш-ортиш ишлари амалга ошириладиган мазкур корхона ҳудудида божхона терминали биноси, 300 катта юк машиналарига мўлжалланган жой, автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси, контейнер ва бошқа юкларни сақлаш омборлари жойлашган, бу ерга темир йўл линияси олиб кирилган.

Марказга ташриф буюрадиганларнинг дам олиши учун мазкур ҳудудда барча шароит яратилган. Замонавий меҳмонхона, ресторан, сузиш ҳавзаси, фитнес-марказ, мини-маркет фаолият кўрсатмоқда.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, мамлакатимиз жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирида бўлиб, давлатимиз сарҳадларини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар учун шароитларни бунданда яхшилаш зарурлигини қайд этди.

Мутахассислар Термиз шаҳри мавзеларидан бирида кам таъминланган ва ёш оилалар учун яқин йилларда қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли замонавий уйлар лойиҳалари билан таништирди.

Қишлоқ жойларда кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган якка тартибдаги замонавий, ихчам уй-жойлар лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Top