21:03 / 13.10.2016
9397

2016 йилда намунавий лойиҳалар асосида қурилган 12 мингдан ортиқ шахсий уй-жой фойдаланишга топширилди

Фото: ЎзА

2016 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида Ўзбекистоннинг янги қишлоқ массивларида замонавий намунавий лойиҳалар бўйича 12 мингтадан ортиқ шинам ва қулай шахсий уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда 13 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини, 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш натижадорлигини муҳокама қилишга бағишланган мажлисида маълумот берилди.

Аҳолининг даромадлари, турмуш даражаси ва сифатини узлуксиз ошириш йўналиши давом эттирилди. Ўтган 9 ойда ўртача ойлик иш ҳақи 12,6 фоизга ошган, жорий йил 1 октябрдан эса бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар яна 15 фоизга оширилди. Янги қишлоқ массивларида замонавий намунавий лойиҳалар бўйича 12 мингтадан ортиқ шинам ва қулай шахсий уй-жой фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш тизими моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш тадбирларини амалга ошириш давом эттирилмоқда. Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 6,8 триллион сўмдан ортиқ ва 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилди.

Top