20:59 / 13.10.2016
6205

Ҳалаб шарқида икки ҳафта ичида 400 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлди

Фото: tvc.ru

23 сентябрдан 8 октябрга қадар Ҳалабнинг шарқий қисмида 400 нафардан зиёд киши ўлдирилди ва 1400га яқин киши жароҳат олди. Бу ҳақида 13 октябрь, пайшанба куни БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштирувчи идораси (ГММИ) маълумотига таяниб, ТАСС агентлиги хабар берди. 

ГММИнинг ахборот бюллетенида таъкидланишича, жорий йилнинг 23 сентябридан 8 октябрига қадар Ҳалабда 406 нафар киши ҳалок бўлган, уларнинг 114 нафари болалар ва 56 нафари аёллар бўлган. Шунингдек 1384 нафар киши жароҳатланган, уларнинг 279 нафари болалар ва 110 нафари аёллардан иборат.

Шаҳарда еттита госпиталь хизмат кўрсатмоқда. Уларда 30 нафар шифокор ишлайди. Юқорида қайд этилган вақт давомида 5 нафар шифокор ҳалок бўлган.

"Ҳалабда тиббиёт ходимлари, шунингдек дори-дармон ва тиббий маҳсулотлар етишмайди", - дея таъкидланади бюллетенда. Сув таъминотининг бузилиши туфайли "касалликлар ўчоқлари хавфи ошган".

ГММИ бу маълумотларни бугун Женевада бўлиб ўтган Суриядаги гуманитар масалалар бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишда тақдим этди. 

Жорий йилнинг апрель ойидан Суриянинг қамалдаги Дайр аз-Зур шаҳрида авиация ёрдамида 130дан ортиқ гуманитар операция амалга оширилган. 

 

Top