18:41 / 13.10.2016
5156

МСК мажлисида участка сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди

Фото: Kun.uz

Марказий сайлов комиссиясининг 13 октябрь, пайшанба куни навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази маълум қилди.

Комиссия раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов бошқарган ва видеоконференцалоқа шаклида ўтган мажлисда округ сайлов комиссиялари аъзолари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва ОАВ вакиллари, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари қатнашди.

Мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Комиссия аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил қилиш масалаларига бағишланган тадбирлар режасини муҳокама қилди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий савияда ўтказишда участка сайлов комиссиялари зиммасига катта масъулият юкланади. Шу боис Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссиялари ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимларини янада юксалтириш ҳамда уларнинг сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича кўникмаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган семинар-тренинглар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Тадбирлар республика онлайн семинар-тренинги, шунингдек, участка сайлов комиссиялари аъзолари иштирокида ҳудудий семинар-тренинглар шаклида ўтказилиши мўлжалланган. Бунда участка сайлов комиссиялари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сайлов участкаларини жиҳозлаш, сайловчилар рўйхатини тузиш ва унга ўзгартишлар киритиш, муддатидан олдин овоз бериш ҳамда сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, кузатувчилар институти аҳамияти, ОАВнинг сайлов жараёни очиқ-ошкоралигини таъминлашдаги роли сингари муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Кўриб чиқилган барча масалалар бўйича Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Top