16:49 / 18.10.2016
5529

Қозоғистон элчиси билан учрашувда экспортни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасида Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида яқин қўшничилик ва ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, тадбиркорларга бозор талабларини ўрганиш асосида ўз маҳсулот ва хизматларини экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш, ишончли ҳамкорлар топишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.  

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Ж.Мустафоев рақобатбардош маҳсулотларнинг ҳажми ва тури тобора ортаётгани, хусусий тадбиркорлик фаолиятини ҳамда хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар туфайли қулай ишбилармонлик муҳити таъминланаётганини таъкидлади.

Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 16 мартдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жамғарма фаолиятини янада кенгайтирди. 

Жорий йилнинг тўққиз ойида мазкур жамғарма 2 минг 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига ташқи бозорга товар ва хизматларни чиқариш бўйича юридик, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатди. Шундан 286 тадбиркор Қозоғистонга 126 миллион долларлик экспортни амалга оширди.  Июль  ойида  Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган «Мебель ва интеръер – 2016» халқаро мебель кўргазмасида Ўзбекистон вакиллари томонидан 2 миллион долларлик  битимлар имзоланди.  

Учрашувда жамғарма ва унинг Қозоғистондаги ҳамкорлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

С.Шоева, ЎзА мухбири

Top