21:09 / 20.10.2016
12461

2017 йилда 789,5 мингта иш ўринлари яратиш бўйича Бандлик дастури лойиҳаси муҳокама қилинмоқда

Фото: parliament.gov.uz

Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, иш билан таъминланиш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ва аҳолини ишсизликдан ҳимоя қилишни таъминлаш каби аҳолини иш билан таъминлаш борасида изчил давлат сиёсати амалга ошириб келинмоқда.

Юқоридаги вазифаларни ҳаётга самарали жорий қилиш мақсадида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Бандлик дастури ишлаб чиқилади. Унинг рўёбга чиқарилиши жамиятимиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликнинг муҳим омили бўлганлиги сабабли ушбу дастур охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари муҳокамасидан ўтиб тасдиқланмоқда.

Анъанага кўра, ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган “2017 йилга аҳоли бандлиги дастури” лойиҳаси Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Ушбу дастур лойиҳаси Меҳнат вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳудудлар кесимида, меҳнат бозорининг эҳтиёжлари ва прогнози ҳамда тармоқлар ва республика ҳудудларини ривожлантириш дастурларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

"Дастур доирасида 2017 йилда 789,5 мингта иш ўринлари яратиш белгиланган. 2017 йилда Ўзбекистон бўйича коллежлар ва олий таълим муассасаларида ўқишни тамомлаб, меҳнат бозорига биринчи маротаба 508,8 минг битирувчилар кириб келади", – дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева. 

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Бандлик дастури ижросининг боришини ўз назорати остига олиб, алоҳида муҳокамалар ташкил этмоқда ва тавсиялар бериб бормоқда. Жумладан, жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида Меҳнат вазирининг “2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури” параметрларининг бажарилиши тўғрисидаги ахбороти эшитилди ва келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилган. Натижада Дастур йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда.

Top