14:31 / 27.10.2016
8690

Ўғлини жиноятга етаклаган ота фарзанди ёнида суд панжараси ортига тушди

Фото: Unian

Набижон Ибрагимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) айни пайтда пенсия ёшида. Ачинарлиси, у шу ёшга киргунга қадар бир неча марта судланган. Бу ҳам етмагандек, фарзандини ҳам жиноят кўчасига етаклади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Н. Ибрагимовга Қирғизистон Республикаси фуқароси, аввалдан таниш бўлган Ғолиб исмли шахс қўнғироқ қилиб, новвойлик билан шуғулланиб юрган йигитлар кераклигини айтади. Н. Ибрагимов ўша куннинг ўзидаёқ синглисининг эри Авазбекни топиб, таклифни айтади. Кўпдан буён иш излаб юрган Авазбекка бу таклиф маъқул тушади.

Н. Ибрагимов “новвойлар жамоаси”га коллежнинг 2-босқичида таълим олаётган ўғли Каримжонни бош қилиб жўнатадиган бўлди. У шу аснода таниши Қодир Маматовни ҳам ишга таклиф қиладиган бўлди.

Айтилган санада тўрт киши – Каримжон, Қодир, Авазбек ва унинг ўғли Мансул йўлга тушишади. Янгиқўрғон тумани, Нанай ҚФЙ, Қизилёзи маҳалласига етиб олгач, даладаги айланма йўллар орқали ноқонуний равишда Қирғизистон Республикасига ўтишди. Шу ерда Каримжон ортга қайтди.

Қирғизистонлик Ғолиб орадан бир неча кун ўтгандан кейин Н. Ибрагимовга қўнғироқ қилиб, Қодир, Авазбек ва унинг ўғли Мансур қўшни республика давлат чегарасини бузганликда айбланиб, қамалгани ҳақида хабар қилди.

У вазиятни ўрганиш учун ўғли Каримжонни яна чегарани бузиб, Қирғизистонга боришга ундади. Аммо унинг ўғли ҳуқуқни муҳофаза қилиш давлат идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Н. Ибрагимов ва унинг фарзанди Каримжон суд ҳукми билан жавобгарликка тортилди.

Top