21:04 / 28.10.2016
18769

Тожикистон пойтахти ва мамлакатнинг асосий шаҳарларида электр токи ўчиб қолди

Фото: AFP

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари, хусусан, Хўжанд, Қўрғонтепа ва Кўлоб шаҳарлари энергия тизимидаги носозлик сабабли электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда Би-би-си манбаси хабар тарқатган.

Ҳозирда барча ҳукумат муассасалари, давлат телевидениеси ва радиостанциялар электр токисиз қолган.

Пойтахтдаги аэропорт генератор эвазига штат режимида ишламоқда. Шунингдек, бу генератор мобил алоқани таъминлаб турибди.

Душанба шаҳрида ваҳима бошлангани, кўпчилик кўчаларга чиққани айтилган. Аҳоли электр таъминоти узилиши сабабидан бехабар қолмоқда.

Ушбу ҳодиса содир бўлишига 2та сабаб тахмин қилинмоқда. Биринчиси — ҳукумат Вахшни тўсиш чоғида портлашни амалга ошираётганида эҳтиёт чораси сифатида электр таъминотини узиб қўйган. Бу ерда гап Роғун ГЭСи ҳақида бормоқда.

Иккинчи тахмин эса ҳақиқатга яқинроқ. Унга кўра, мамлакатнинг катта ҳудудини электр билан таъминлайдиган ЛЭП 500 электр тизимида носозлик юз берган.

"Барки точик" энергохолдинги ушбу ҳодисага изоҳ бермаган, лекин вазият тез орада ўнгланишига ваъда қилинган.

Тоғли Бадахшон мустақил энергия манбасига эга бўлгани туфайли бу ерда электр таъминоти узилмаган.

Маълумот учун, Душанбе шаҳрида 800 мингга яқин киши истиқомат қилади.

Top