10:16 / 30.10.2016
7653

Халқаро коинот станцияси экипажи аъзолари Ерга қайтдилар 

Фото: RIA

30 октябрь эрталаб "Союз МС" сериясидаги космик кема Халқаро коинот станцияси экипажининг 3 аъзоси билан Қозоғистонда қўнди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ерга россиялик фазогир Анатолий Иванишин, америкалик Кэтлин Рубинс ва япониялик Такуя Ониси қайтдилар. Улар коинотда 115 кун бўлдилар.

Парвозларни бошқариш маркази экранида "Қўниш амалга оширилди" деган ёзув чиқиши билан қидирув-қутқарув отрядлари капсула қўнган жойга йўл олишди. Улар яқин орада фазогирларни капсуладан чиқариб олишади.

Қайд этиб ўтиш керак, жорий йилдаги сўнгги парвоз ноябрь ўрталарига белгиланган: "Союз МС-03" космик кемаси 17 ноябрда Бойқўнғир космодромидан парвоз қилиши кутилмоқда. Бу кемада ХКСга россиялик Олег Новицкий ҳамда Тома Песке ва Пегги Уитсон учадилар.

Ҳозир ХКСда россиялик фазогирлар Андрей Борисенко ва Сергей Рыжиков ҳамда  америкалик Роберт Шейн Кимброу қолмоқда.

Top