20:25 / 03.11.2016
6419

Хитойнинг улкан ракета-ташувчиси учирилиши муваффақиятли амалга оширилди

© AFP

Хитойнинг энг улкан ракета-ташувчиси «Буюк юриш-5» («Чанчжен-5») муваффақиятли учирилган деб тан олинди. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги маълум қилган.

Ракета шу йилнинг сентябрида Хайнань вилоятидаги Вэнчан космодромига келтирилганди.

Ракета маҳаллий вақт билан соат 20:43да (Тошкент вақти билан соат 17:45да) учирилган. 40 дақиқа ўтиб, учиш муваффақиятли амалга ошгани қайд этилган.

Ушбу ракета тузилишида 200дан ортиқ янги технологиялардан фойдаланилган.

ХХРнинг Миллий мудофаа учун фан, технология ва саноат бўйича давлат идораси (SASTIND) томонидан хабар қилинишича, ракета-ташувчи экологик соф ёқилғи—керосин ва суюқ кислородда ишловчи биринчи маҳаллий ракета ҳисобланади. 

Хитой миллий коинот бошқармаси (CASC) вакили Чжао Чанцзяннинг таъкидлашича, янги ёқилғи парвозга кетадиган харажатларни камайтириш ва Хитой ракеталарининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

«Агар ракета муваффақиятли учирилган бўлса, Хитой экологик тоза ракеталар эрасига ўтди», — дея қайд этган у.

«Буюк юриш-5» Хитойнинг янги авлоддаги энг улкан ракета-ташувчиси ҳисобланади. Унинг баландлиги 56,97 метрни ташкил этади, асосий қисм диаметри 5 метрга тенг.

Top