21:50 / 03.11.2016
3934

Суд Британия ҳукуматига парламент розилигисиз Brexit’ни бошлашни тақиқлаб қўйди

Фото: © AP

Буюк Британиянинг олий суд инстанцияси 3 ноябрда мамлакат ҳукумати парламентда овоз бермасдан Brexit, яъни Европа Иттифоқи таркибидан чиқиш жараёнини бошлашга ҳаққи йўқлиги ҳақида ҳукм чиқарди. Бу масала аввал парламентда муҳокама ва овоз беришдан ўтиши лозим, деб хабар бермоқда британ ОАВ.

Ҳужжатга кўра, даъвогарлар сифатида SCM Private инвестицион жамғармаси менежери Жина Миллер ва сартарош Дейр Тозетти душ Сантуш, жавобгар сифатида эса Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш ишлари бўйича вазири Дэвид Дэвис чиқмоқда.

Даъвогарлар ҳукумат Европа Иттифоқидан чиқиш жараёнини бошлашга ҳуқуқи йўқлигини айтмоқдалар: Лиссабон келишувининг 50-моддасига кўра, Буюк Британия томонидан Европа Иттифоқидан чиқишга ариза "конституцион талабларига мувофиқ" топширилади. Даъвогарларнинг фикрича, бошқарувнинг парламент шаклига эга конституцион монархия бўлган Буюк Британияда бундай қарор парламент тасдиғидан ўтиши лозим. 

 

Top