11:24 / 03.11.2016
4001

ЖССТ: Шаҳарларда “яшил” майдонларнинг кўплиги фуқаролар саломатлигини яхшилайди

Фото: Klydewarrenpark.org

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё шаҳарлари ҳокимиятларини, имкон қадар кўпроқ яшил ҳудудларни барпо этишга чақирмоқда. Гап сердарахт боғ ва хиёбонлар, унча катта бўлмаган яшил майдончалар ҳақида бормоқда. 

Яшил ҳудудларнинг шаҳарликлар соғлиғига таъсири борасида (Urban green spaces and health - a review of evidence (2016)) тадқиқот ўтказган муаллифларнинг хулоса қилишича, бу каби майдонлар руҳий тушкунликка барҳам бериш ҳамда жисмоний фаоллик учун имконият тақдим этади. 

Инсонларнинг табиат қўйнида бўлиши турли омиллар, ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва жазирама иссиқнинг зарарли таъсирини камайтиришга имкон беради. 

БМТ экспертларига кўра, шаҳарликлар ўзлари истиқомат қиладиган ҳудуд яқинида унча катта бўлмаган яшил майдончаларга эҳтиёж сезади. Шу билан бирга, уларнинг таъкидлашича, фаол дам олиш учун мўлжалланган жамоат жойлари, жумладан, спорт ўйинлари майдончалари атрофини ҳам ободонлаштириш зарур. 

Бундан ташқари, яшил ҳудудлар шаҳарларни турли табиат ҳодисалари: ўта жазирама ҳамда ҳаддан ортиқ кўп ёғингарчиликка нисбатан бардошли қилади. 

Бу каби ҳудудлари кўп бўлган шаҳарлар аҳолиси эса, соғломроқ бўлгани сабабли, соғлиқни сақлаш соҳасига сарф этиладиган харажатлар ҳам кескин камаяди. 
 

Top