02:52 / 04.11.2016
5485

Хитой аэропортида тартибга жавоб берувчи электрошокерли робот ходим ишламоқда

Фото: geektimes.ru

Хитойнинг Шэньчжэн шаҳрида жойлашган Баоань халқаро аэропортида робот-полициячи AnBot ишга тушди. Унинг вазифасига ҳудудни қўриқлаш ва йўловчиларга рейслар ҳақида маълумот бериш киради. Тартибни бузганлар ёки шубҳали шахсларга жазо бериш учун робокоп электрошокер билан жиҳозланган.

AnBot Хитой Халқ озодлик армиясининг миллий мудофаа университети маҳсули саналади ва жорий йилнинг апрелида намойиш этилди. Ўзининг тухумсимон кўринишига қарамай, робот етарлича ақллидир. Сабаби унинг ташқи қиёфаси атрофдагиларни адаштириши керак эмас.

Фото: geektimes.ru

AnBot таҳдидни хитойча суперкомпьютер «Тяньхэ-2» орқали аниқлайди. Унда булутли хизмат ўрнатилган бўлиб, роботлардан келадиган маълумотларни таҳлил қилади. Бу эса қисқа вақт ичида катта миқдордаги маълумотларни олишга имкон беради. "Мия маркази" AnBot ўзида жойлаштирилган. 

2013 йилдан бошлаб «Тяньхэ-2» уч йил давомида дунёдаги энг кучли ҳисоблаш машинаси деб топилган. Фақат жорий йилда бошқа Хитой суперкомпьютери «Sunway TaihuLight» ундан ўзиб кетди.

AnBot бўйи бир ярим метр бўлиб, вазни 78 килограмм. Юқори имкониятли тўртта камера одамларни ва атроф-муҳитни англашга хизмат қилади. Шунингдек, сенсорли дисплейдаги SOS визуал тугмасини босиш ёрдамида кишилар ҳуқуқ-тартибот органи вакилларини чақириши мумкин.

Фото: geektimes.ru

Электрошокер фақат зарур вақтда ва қўл бошқаруви режимидагина фаоллашади. Шубҳали йўловчилар ҳақидаги маълумотлар аэропорт хавфсизлик хизматига етиб боради. Робот 18 км/соат тезлигида ҳаракатлана олади, бироқ патруллаштириш режимида унинг ҳаракати 1 км/соатдан ошмайди. 

Аккумулятор 8 соатли иш вақтига етади. Робот-қўриқчи фақат аэропортда ишга тушади, бироқ келажакда уни кўплаб соҳаларда ишлатиш режалаштирилган. AnBot’ни бир соат ижарага олиш ҳақи ҳозирча номаълум.

Top