23:53 / 05.11.2016
15087

Шаҳрихон тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори лавозимидан озод этилди

Фото: Flickr

Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирлигида фуқаролар мурожаати назорати янада кучайтириш бўйича махсус ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келиб тушган фуқаро У.Майирова мурожаати юзасидан ўтказилган хизмат текшируви натижасида Шаҳрихон тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вазирликнинг Facebook'даги саҳифаси орқали маълум қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири А.Абдухакимов раислигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонун талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида” 2016 йил 27 октябрдаги 366-сонли қарорининг вазирлик тизимида ижросини сўзсиз таъминланиши юзасидан жорий йилнинг 4 ноябрида барча меҳнат органлари ва тасарруфий ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида махсус Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Меҳнат вазири ҳар бир меҳнат органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини ўз вақтида ва тўлақонли таъминлаш орқали, ҳар бир фуқаро мурожаатида кўтарилган масалани моҳиятини англаш ва унинг тўлақонли ижросини таъминлаш энг асосий долзарб вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди.
Жорий йилнинг 3 сентябридан 4 ноябрига қадар Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига 3 900 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, улардан 791 нафари (24%) Тошкент шаҳри, 670 нафари (15%) Тошкент вилояти, 496 нафари (13%) эса Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Мазкур мурожаатлар кўриб чиқилиб, мурожаатда келтирилган масалаларни белгиланган муддатда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Аммо, мурожаатларни кўриб чиқиш масалага айрим меҳнат органлари раҳбарлари томонидан масъулиятсизлик билан сансалорлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, ишга жойлашиш масаласи юзасидан амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган фуқаро У.Майирова мурожаати телефон орқали боғланиш имкони бўлмаганлиги баҳонаси билан аноним деб топилган ҳолда ўрганиб чиқилмаган ва фуқаро мурожаатини ҳал қилиш чораси кўрилмаганлиги учун Меҳнат вазирлигининг Ҳайъат йиғилиши қарорига асосан Шаҳрихон тумани Бандликка кўмаклашиш маркази директори О.Ўринбоев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Фуқаро У.Маирова эса жорий йил 21 октябрдан бошлаб тумандаги 17-мактабгача таълим муассасасига тарбиячи вазифасига ишга жойлаштирилди.

Йиғилиш давомида Меҳнат вазирлигининг ish.mehnat.uz вакансиялар базасини тўлдиришга, мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтилди. Ҳозирги кунда вакансиялар базасида 68 мингдан зиёд бўш иш ўринлари бўлиб, ушбу база орқали фуқаролар тўғридан-тўғри яшаш манзили бўйича ўзига мақбул иш қидириш имкониятлари тўлиқ яратилган.

Шу билан бирга фуқароларнинг меҳнат муносабатларига оид масалари юзасидан маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинига чиққан ҳолда фуқароларни ҳар куни соат 8:00 дан соат 11:00 гача сайёр қабул қилишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди. 
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг (0-371) 2000-600 рақамли “Ягона алоқа” маркази (Call-center) куну-тун, яъни ҳафтасига 7 кун ва кунига 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда. “Ягона алоқа” марказига жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини ва шикоятларини қолдиришлари ҳамда қизиқтирган саволларига жавоб олишлари, энг асосийси иш қидираётган фуқаролар мавжуд вакансиялар ҳақида маълумот олишлари мумкин.

Яқин кунларда, Вазирнинг ҳудудлардаги фуқаролар билан мобиль алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри онлайн видео суҳбат ташкил этиш, тегишли реклама (видеороликлар) тайёрланиб, марказий ва маҳаллий телеканаллар орқали ёритиш режалаштирилди. Ушбу масала юзасидан ОАВ билан кенг ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда вазирлик марказий аппарати ва унинг жойлардаги тузилмавий органларига корхона, ташкилотлардан ва фуқаролардан, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар ижроси назоратини кучайтириш мақсадида Меҳнат вазирининг виртуал қабулхонаси vazir.mehnat.uz ишга туширилди. Ушбу виртуал қабулхона содда ва оддий тилда ишлаб чиқилган бўлиб, унга йўлланган барча мурожжатлар ўз вақтида кўриб чиқилиши тизимли назоратга олинган.

Йиғилиш давомида мурожаатларни кўриб чиқишда ва сайёр қабулларни ташкил этишда масъулиятсизликка йўл қўйилган айрим масъул ходимларга тегишли интизомий чоралари кўрилди ва меҳнат органлари олдида турган аниқ вазифалар белгиланиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси
Меҳнат вазирлигининг Ахборот хизмати

Top