09:31 / 07.11.2016
12811

Россия чемпионатида драматик учрашув: 6та гол, 2 четлатиш ва 2 марта «камбэк»

Фото: Краснодар клуби матбуот хизмати

Россия чемпионатида 13-турнинг якунловчи учрашувида «Краснодар» «Оренбург»ни қабул қилди. Бу учрашув мавсумнинг энг ёрқин ўйинларидан бирига айланди ва деярли Ҳолливуд сценарийлари йўсинида кечди.

Мезбонлар ўтган ҳафтада Европа Лигаси учрашувидаги мағлубиятга қарамасдан бу ўйинни кўтаринки руҳда бошлашди. Аввалига мезбонлар ҳужумчиси Перейра ҳисобни очди. Лотин америкалик футболчиларнинг ажойиб комбинацияси голга айланди: Ари узатган заргарона пас Перейра томонидан рақиб дарвозаси тўрига жойланди.

Икки дақиқа ўтар-ўтмас «Оренбург» иккинчи голни ўтказиб юборди. Дарвозабон Крицюк тўпни узоқларга тепди, Калешин бу тўпга эга чиқиб, уни жарима майдончасидаги Арига етказди, бу ҳужумчи эса ўз имкониятидан унумли фойдаланди – ўйиннинг 11-дақиқасидаёқ ҳисоб 2:0 кўринишига келди. Эндиликда бу ўйинда интрига қолмагандек эди.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас экан! Яна 5 дақиқа ичида меҳмонлар футболчиси Бреев рақиб жарима майдони ичида тўпга оёқ қўйишга улгурди ва ҳисоб ўзгарди - 2:1.

5 дақиқадан кейин яна бир гол урилди. Крицюк тўпга чиқишда хатога йўл қўйди ва тўп Владимир Полуяхтовга совға қилинди ва ҳисоб тенглашди - 2:2.

21-дақиқа ичидаги бу ҳодисалар билан «камбэк» тугамади. Кейинги голни мухлислар одатига кўра 5 дақиқа эмас, роса 10 дақиқа кутишди. Яна бир марта  «Краснодар» дарвозасига жарима зарбаси, бу сафар Полуяхтов боши билан тўпни дарвоза тўрига йўллади.  Крицюк майдонни тарк этди — хатолари учун эмас, жароҳати туфайли. Шалимов унинг ўрнига Синицинни туширди.

Биринчи бўлим охирида ҳакам «Краснодар» вакили Эбу Куассини тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатиб, майдондан ҳайдаб чиқарди.

Иккинчи бўлимда жамоаларнинг таркиблари сони тенглашди. Андрей Малих қўпол ташланиб, Окриашвилининг оёқларини узиб юборгудек бўлди ва ўрнидан кўтарилганда рўпарасида қизил карточка кўтарган ҳакамни кўрди. Шундай қилиб, ўйин ҳаками Мешков ҳам "дубль" қайд этди.

Малихнинг хатоси «Оренбург» учун қимматга тушди. Ўша вазиятдан бироз ўтиб Жоаозиньо Мартиновичнинг бошига тўпни қўндириб берди ва ҳисоб тенглашди – 3:3.

Одил Аҳмедов захирада қолдирилди, Вадим Афонин эса тўлиқ ҳаракат қилди.

Бу натижадан кейин «Краснодар» 21 очко билан бешинчи ўринда, 12-ўриндаги «Оренбург» ҳисобида 11 очко бор.

Top