11:37 / 10.11.2016
6162

Куба мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб ҳарбий машғулотлар ўтказилишини эълон қилди

Куба ҳукумати мамлакатнинг бутун ҳудудида қўшинларнинг тайёрлигини текшириш мақсадида 5 кунлик ҳарбий машғулотлар ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда Granma нашри хабар берган. 

Нашрнинг таъкидлашича, ушбу машғулотлардан мақсад "миллий ва ҳудудий мудофаага жавобгар бошқарув идоралари ва қўмондонликларни давлатнинг мудофаа қобилиятини ошириш манфаати йўлида, қўшинлар ва аҳолини душманнинг турли ҳаракатларига қарши курашишини ташкиллаштириш мақсадида машқ қилдиришдан" иборат. 

Куба ҳукумати бу машғулотларни Дональд Трампнинг АҚШ президентлиги сайловларида ғолиб бўлгани билан боғлиқ эмаслигини айтди. Бироқ шу тасдиққа қарамай, тактик машғулотлар ва манёврлар ҳақидаги хабар АҚШда овоз бериш натижалари тасдиқланиши билан бир вақтда тарқатилди.

Куба одатда АҚШ билан муносабатларда таранглик авжига чиққанда эълон қиладиган "Бастион" номли машғулотларини 7-маротаба ўтказади. Расмий маълумотларга кўра, бу машғулотлар биринчи марта 1980 йилда президентлик сайловларида Рональд Рейган ғалаба қилганда ўтказилган.

Трамп ўз сайловолди кампанияларидан бирида Барак Обама томонидан бошланган Куба билан муносабатларни нормаллаштириш жараёнини чаппасига ўгириб юборишга ваъда берганди.

Куба инқилобий қуролли кучлари эълонида кўрсатилишича, мамлакат армияси, ички ишлар вазирлиги, бошқа куч тузилмалари машғулотларни 16-20 ноябрь кунлари амалга оширишади.  

Мамлакат фуқаролари машғулотлар "қўшин ва ҳарбий техника кўчирилиши, ҳарбий авиация парвозлари ва зарурат бўлганда портлашларни" ўз ичига олишидан огоҳлантирилганлар.

 

Top