12:22 / 12.11.2016
30763

Бағрикенглик - динлар тарихини ўрганишда муҳим омил

Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик, динлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи ривожланган ва ривожланиб бораётган мамлакатларнинг тинчлиги ва тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири бўлиб ҳизмат қилувчидир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қадим-қадимдан Юртимизда турли маданият, тил, урф-одатлар, ўз турмуш тарзига эга бўлган турли динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар яшаб келаётган заминдир десам муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бу хусусида қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ деб биламан. Жумладан; “Бизнинг миллий хусусиятларимиз умуминсоний қадриятлар билан боғланиб кетган. Асрлар давомида халқимиз умумбашарий, умуминсоний қадриятлар такомилига улкан ҳисса қўшган. Турли миллат вакилларига ҳурмат, улар билан баҳамжиҳат яшаш, диний бағрикенглик, дунёвий билимларга интилиш, ўзга халқларнинг илғор тажрибалари ва маданиятини ўрганиш каби хусусиятлар ҳам халқимизда азалдан мужассам” – деб айтганлар.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансуб бўлишидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда, Юртимиз равнақи учун фаолият юритиб, бутун жаҳонга намуна бўлаётганлиги инсонни завқлантиради. Аллоҳ таоло буни бардавом қилсин. Республикамизнинг бош қомусида Юртимизда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, шунингдек эътиқод эркинлиги таъминланганлиги қайд этилган. Жумладан; Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар” деб қайд қилинган. Бу хусусида Юртимизда виждон эркинлигига доир қонун асослари янада такомиллаштирилган, бугунги кунда Ватанимизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Юртимиздаги динийбағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва динлар орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Буни жаҳон тан олмоқда ва эътироф этмоқда.

Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз-халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётидир. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритгандан сўнг орадан кўп ўтмай айтган сўзларини эслаб ўтиш айни муддаодир. Жумладан: “Бугун ана шу дин орқали вужудимизга мусаффолик, дилимизга, иншооллоҳ, поклик кириб келмоқда. Ахлоқ-одоб, маърифат яна хонадонимиз файзига, одамлар хислатига айланишида исломнинг ўрни бениҳоя бўлмоқда” деб гапириб ўтган сўзлари, динийбағрикенгликнинг динлар тарихини ўрганишда нечоғлик муҳим эканлигидан дарак беради. 

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди, қадр топди.

Инсоният тарихида кишилар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузилишига, ўзаро зиддиятларга, кучли тўқнашувларга ва шунга оид инсонни ранжитадиган ҳолатларга сабаб бўлган омиллардан бири бир – бу турли дин вакилларининг бошқа динга эътиқод ва амал қилувчиларга диний айирмачилик асосида қараши, ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, мутаассиблиги, ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашоари оқибатида бугун дунёда турли хил инсон дилини хуфтон қилувчи воқеалар, ҳодисалар бўлмоқда. Айнан манашу ҳодисалар ва разолатларни олдини олиш учун ҳам динийбағрикенглик долзарб масалалардан ҳисобланади. 

Бугунги кунимизда содир бўлаётган турли тафовутлардан қатъий назар турли дин вакиллари, тенг ҳуқуқли эканлинлари шиори олдинга сурилмоқда.

Инсоният тарихига назар ташласак, ислом дини – биринчилардан бўлиб турли динларга эътиқод қилувчиларни бир жамиятда динийбағрикенглик, динлараро ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида, тинч-тотув ва эмин-эркин, тенг ҳуқуқли тарзда  ҳаёт кечиришлари мумкинлиги ғоясини илгари сурди ва уни ҳаётга тадбиқ этиб, инсонларни унга тарғиб этди.

Муқаддас динимизнинг мўтабар манбаси бўлган Қуръони Каримда барча самовий динлар бир ўзакдан экани 15 аср олдин эълон қилган. Жумладан:

Яъни: “Сизлар учун диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат қилиб: “Динни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушманглар!”, – дедик.  Мазкур ояти каримага назар ташлайдиган бўлсак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо (а.с.)ларга дин юборгани каби Пайғамбарлар саййиди, кўзимизни нури, қалбимизни сурури бўлган зот Муҳаммад (с.а.в.)га ҳам ҳақ дин юборган. Юборган барча пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг элчилари, танлаб олган бандалари эканлигига ишора бўлмоқда. Муфассир олимлар Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларга бир хил фармон қилганлигини айтиб ўтганлар. У фармон: “Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар”, -деган буйруқдан иборат бўлган.    

Мана шу маънодаги оятлар дунё динлари тарихини мукамал ўрганиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш, бағрикенглик тамойилларига асосланиб фаолият олиб боришга замин яратди. Мусулмонларда бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсизлик ва ғараз, адоват, нафрат эмас, ҳурмат ва бағрикенглик, ўзаро ҳамкорлик, иноқлик ва бошқа эзгу амаллар қарор топди.

Мантиқан олиб қараганда, турли дин вакилларининг бир жамият, бир ҳудуд, бир муассаса, ҳатто бир оила аъзолари бўлиб жамланишлари табиий ҳолдир. Агар илоҳий кўрсатмаларни инобатга олмасдан ҳамда диннинг моҳиятини тўғри тушунмасдан бу борада турли тафриқачиликка йўл қўйилса, жамият фуқаролари орасида, шунингдек, бир оилада яшаётган қондош-қариндошлар ўртасида ҳам парокандалик юзага келиши эҳтимолдан холи эмас. 

Қуръони Каримда яна бошқа бир ояти каримада шундай деган:

Яъни: “Айтингиз (эй, мўминлар!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Китоб)га, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусога, Исога ва (барча) пайғамбарларга Парвардигорларидан берилган нарсаларга имон келтирдик (ишондик). Биз улар ўртасидан бирортасини (пайғамбар эмас деб) ажратиб қўймаймиз ва биз Унга (Аллоҳга) бўйин сунувчилармиз”, деб марҳамат қилган.

Муқадас динимизнинг мўътабар манбаси Қуръони Каримда келган динийбағрикенглик ҳукмларига амал қилишнинг ёрқин ифодасини Ҳабибимиз, Расулимиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётларида кўришимиз мумкин.

Пайғамбар (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг  уердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаатлари учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшаганлар. Муҳаммад (с.а.в.) бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан уларга ҳадялар бериб, улар томонидан берилган ҳадяларни қабул қилардилар.  У зотнинг бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари бир неча ҳадисларда зикр этилади. Бу эса динийбағрикенгликка ёрқин мисол бўлади десам асло ҳато бўлмайди.

Пайғамбар (с.а.в.)нинг бағрикенглик тамойилига амал қилганликларига мисол тарзида қуйидаги маълумот билан танишиб чиқсак мақсадга мувофиқ бўлади. Муҳаммад (с.а.в.) Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига тушириб: “Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эдилар.мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман”, – деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганликлари ислом тарихини ёритувчи асл манбаларда зикр қилинган. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг бу барадаги бир нечта ҳадисларида инсоннинг қайси динга мансублигидан қатъий назар, аввало, унинг инсонлиги учун инсонийлик нуқтаи назаридан ҳурмат  қилиш лозимлиги таъкидланади. Жумладан: Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қиладилар: “Саҳл ибн Наниф ва Қайс ибн Саъд Қодисияда ўтиришган эди, ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтдилар. Шунда икковлари ўринларидан туришди. Буни кўрганлар улардан: “Бу маййит зиммийлардан-ку?!”–дейишди. Шунда улар бундай деб жавоб қилдилар: “Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтиб қолдилар. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин унинг яҳудий эканини айтишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “У руҳ эмасми?!” – дедилар”.

Ҳаётдаги барча шаръий масалаларда ҳам турли дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш, уларнинг зиёфат ва маросимларида қатнашиш, сўйган жонлиқларини ейиш, хатто аёлларига уйланиш шаръан рухсат берилган амаллардан ҳисобланади. Бу борада фиқҳий китобларимизда кераклигича муолажа қилинган ва хулосалар берилган.

Пайғамбар Муҳаммад (а.с.в.) вафотларидан кейин ҳам, у Зот бошлаб берган  (динийбағрикенглик, динлараро ҳамкорлик, ўзаро мулоқот) бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш анъанаси узвий ва изчил тарзда давом эттирилди. Масалан, Ҳазрати Умар (р.а.)нинг даврларида фатҳ қилинган ўлкадаги Илиё аҳли насронийларига ўзлари сўраганидан ҳам кўпроқ имкониятлар берганлар. Шунда насоролар патриархи ҳазрати Умар (р.а.)га ўша ернинг бош канисасида аср намозини ўқиб олиши мумкинлигини билдирганида: “Мен бу ерда намоз ўқисам, кейин бошқа мусумонлар ҳам Умар намоз ўқиган жойда биз ҳам намоз ўқиймиз, дея сизларни безовта қиладилар”, – деб у ерда намоз ўқимаганлар. Мана бу ҳам бағрикенгликнинг ҳаётдаги ва турли динлар ўртасидаги тотувлик тамойили эканлигини исботловчи омилдир.

Ғарблик диншунос (тарихчилар)дан Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлаган: “Масиҳийлар, бутпарастлар, яҳудйлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат ҳизматида ишлар эдилар”, деб ёзганлигини гапириб ўтишимиз ҳам фойдаликдир.

Тарихга назар ташлаб уни ўрганадиган бўлсак, Халифа Маъмун ўз “Академияси”га турли дин ва мазҳаб соҳиблари бўлган олимларин тўплаган, “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик мушкулоти келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, – дегани ҳам динлар ўртасидаги яхши муносабатни шакилланишига асос бўлиб ҳизмат қилади.

Тарихдан бу каби асл мисолларни ислом тарихидан ҳам бошқа динлар тарихидан ҳам жуда кўплаб келтириш мумкин.

Исломнинг бош манбалрида таъкидланган ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) тамонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунимизга қадар давом этиб келмоқда. Жамиятимизда турли конфеция вакилларнинг тинч-тотув ҳаёт кечириши, динлар орасида ҳамжиҳатлик тамойилларини қўллаб-қувватловчи дўстона мулоқотлар қилиниши қадимий анъаналаримизнинг доимий барқарорлигига далолат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтишни ўзимизга қарор қилдик, ушбу кичкина мақолада бугунги кунда инсоният эътиқод қилиб келаётган динларнинг қай бири ҳақ ва қай бири ноҳақ экани юзасида мулоҳаза юритмадик. Уларнинг қайси бирига эргашиш лозим ҳамда қайси бири башарият учун манфаатлироқ экани хусусида ҳам баҳслар қилинмади, балким, динлар тарихини ўрганишда бағрикенглик, динлараро тотувлик тамойилларининг ҳаётимиздаги аҳамияти унинг тутган ўрнини атрофлича ўраниб чиқдик. Ушбу ишимиз фойдадан ҳолий бўлмас деб умид қиламан.

Исомиддин АХРОРОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги ходим,
“Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби

 

Top