12:19 / 14.11.2016
7144

Ўзбекистон прокуратураси ходимлари Хитой делегацияси билан тажриба алмашди

Фото: kspu.ru

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Хитой Халқ Республикаси Прокурорлар давлат институти проректори Лиу Ян бошчилигидаги Олий халқ прокуратураси делегацияси иштирокида “Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси прокуратура органларида кадрларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш масалалари” мавзусида икки томонлама семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Мазкур тадбир 2014 йил Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 12-йиғилишида ХХР Бош прокурори Цао Цзяньмин билан икки томонлама учрашувда имзоланган 2015-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси ҳамкорлик Дастурини амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси прокуратура органларида кадрларни танлаш, тайинлаш, тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари муҳокама этилди.

Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси Прокурорлар давлат институти фаолияти, унда ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси Олий ўқув курсларида қўлланиладиган замонавий педагогик технологиялар ва ўқитиш усуллари тақдимоти ўтказилди.

Семинар доирасида хитойлик ҳамкасблар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий ўқув курслари тингловчиларини Хитойда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан таништирдилар.

Томонлар ҳамкорлик ҳолатидан мамнун эканлиги ҳамда унинг шартномавий базасини Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси Прокурорлар давлат институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари ўртасида ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси ўртасида икки йиллик ҳамкорлик Дастурини тузиш орқали ривожлантириш ниятида эканлигини билдирдилар.
 

Top