21:53 / 18.11.2016
6945

Ўзбекистонда Словакия киноси кунлари бошланди

Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Кино саройида Словакия киноси кунлари бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

"Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори О.Мусаев, Словакия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси П.Иван ва бошқалар Словакия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар барча соҳалар қатори маданият ва санъат йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Икки мамлакатнинг фольклор жамоалари, фото ва тасвирий санъат усталари Ўзбекистон ва Словакияда ўтказилаётган турли маданий тадбирларда қатнашмоқда. Мамлакатимиз санъат намояндалари Словакияда ўтказиладиган кўплаб фестиваллар, санъат анжуманлари ва кўргазмаларда, словакиялик санъат усталари эса Ўзбекистонда ташкил этиладиган турли маданий тадбирларда фаол иштирок этмоқда.

Ҳаётий воқеалар асосида суратга олинган "Мен севаман, сен севасан" фильми ушбу киноасарлардан биридир. Унда ҳар қандай қийинчилик ва синовларга бардош бера оладиган инсонлар ҳаёти акс эттирилган. Режиссёр Душан Ханакнинг мазкур картинасида бош ролларни Роман Клосовски, Ива Янжурова, Милан Елич ижро этган. Бу фильм "322" ва "Эски дунё манзаралари" картиналарининг мантиқий давоми бўлиб, режиссёр 1989 йили шу фильмлари учун Берлинда ўтказиладиган "Кумуш айиқ" фестивалида "Энг яхши режиссёр" номинациясини қўлга киритган.

Дастурнинг иккинчи кунида режиссёр Петер Соланнинг "Боксчи ва ўлим", учинчи кунида режиссёр Милослав Лутернинг "Дунай орқали йўл" фильмлари намойиш этилади.

 

Top