12:40 / 19.11.2016
31027

Эрдўған АҚШдан кўнгли қолганини тан олди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған америкалик ҳамкасби Барак Обама ва вице-президент Жо Байденни Сурия муаммосига жиддий ёндашмаганликда айблади. 

Эрдўған CBS телекомпаниясининг "60 дақиқа" дастурига берган интервьюсида баёнот беришича, Сурияда давом этаётган уруш Туркия жанубий чегаралари хавфсизлигига раҳна солмоқда ҳамда Анқаранинг мудофаа имкониятларига ҳалақит бермоқда. Бундан ташқари, бу уруш Туркияга 3 миллион суриялик қочқин кириб келишига сабаб бўлган. Бу Европадаги суриялик қочқинлар сонидан 2 марта кўп демакдир.  

"Биз бу муаммоларга масъулмиз. Биз бу масалаларни президент Обама ва вице-президент Байден билан муҳокама қилганмиз. Аммо, улар вазиятга етарлича эътибор қаратишмади. Бу биз учун ачинарли ҳолатдир", —деган Эрдўған. 

У шунингдек, АҚШнинг Сурия масаласи бўйича эгаллаган қарашидан "кўнгли қолган"ини таъкидлаган. 

Шу билан бирга, Туркия раҳбари АҚШ ҳукуматини Фатҳуллоҳ Гуленни топширмаётгани учун ҳам танқид қилган. Расмий Анқара, Гуленни шу йилнинг 16 июлига ўтар кечаси амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишда бош айбдор ва ташкилотчи деб баҳолайди. 

Вашингтон раҳбарияти, Гуленни Туркияга экстрадиция қилиш жараёнига аралашолмаслигини, буни мамлакат суди ҳал қилишини таъкидлаб келади.

Top