20:53 / 21.11.2016
10991

Туркия бош вазири ўринбосари ШҲТга аъзо бўлиш ғояси ҳақида фикр билдирди

Туркия бош вазири ўринбосари Нуман Куртулмушнинг маълум қилишича, мамлакат бошқа ташкилотлар билан алоқаларни узмаган ҳолда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиб кириши мумкин.

"Туркия — бир вақтнинг ўзида турли блоклар билан алоқаларга эга бўла оладиган камдан-кам давлатлардан биридир. Биз ҳозирда ШҲТда кузатувчи мақомидамиз. Бизнинг президент ШҲТга аъзо бўлишга қарши эмас. Воқеалар ривожини кузатамиз. Аммо биз бу ташкилотга аъзо бўлган тақдиримизда ҳам бошқа ташкилотлар билан алоқаларимизни узмаймиз", — деган Куртулмуш Анқарадаги матбуот анжумани вақтида.

Бундан олдинроқ унинг мамлакати ҳар қандай йўл билан Европа Иттифоқи аъзоси бўлишга ҳаракат қилмаслиги, балки бунинг ўрнига Шанхай ҳамкорлик ташкилотига киришни кўриб чиқишини маълум қилганди.

У мазкур масалани ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари, хусусан Владимир Путин ва Нурсултон Назарбоев билан муҳокама қилган. Унинг фикрича, Туркиянинг ШҲТдаги иштироки унинг ҳаракатларида кўпроқ эркинлик билан таъминлайди.

У Brexit жараёни, Франция ва Италия каби мамлакатлар ЕИни тарк этиши орқали давом этиши мумкинлигини қўшимча қилиб ўтганди. 

 «Brexit кенг тарқалиши мумкин, бундай овозлар Франция, Италиядан эшитилмоқда. Бундай шароитда Туркия ўзини хотиржам ҳис этиши даркор. Нима учун Туркия ШҲТ аъзоси бўла олмас экан?» — деди Эрдўғон журналистларга Ўзбекистондан Туркияга қайтгач.

2001 йилда ташкил топган ШҲТга айни вақтда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади. 2015 йилда ШҲТ Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилиш жараёнини бошлаган. Кузатувчи мақомидаги ҳамкор давлатлар қаторига Арманистон, Озарбойжон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка киради.

Top