12:29 / 22.11.2016
7500

Хорижий экспертлар Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик ҳақида

Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайлови халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлиб, ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлилий, илмий-академик доираларда ва оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинмоқда.

Роберт Блум, Женева дипломатик корпуси президенти (Швейсария):

- Ўзбекистонда очиқлик ва демократик руҳда кечаётган сайловолди кампанияси давлат бошқарувини ва мамлакат аҳолисининг сиёсий маданиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Сайловда тўртта сиёсий партиядан номзодларнинг иштирок этиши ва бу жараёнда транспарентликни таъминлаш бўйича амалга оширилган тадбирлар мамлакатда сиёсий барқарорликнинг ва қонун устуворлиги кафолатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

Тўртта сиёсий партиянинг ҳам сайловолди дастурларини таҳлил этиш шуни кўрсатадики, уларнинг барчаси ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мамлакатни иқтисодий ривожлантириш ва ижтимоий фаровонликка эришишни кўзда тутади. Менинг назаримда улар бир-бирларини тўлдиришади ва келажакда ушбу овоз бериш якунланганидан сўнг сайловолди дастурларнинг қай бири амалга оширилмасин, мамлакатда мавжуд умумий сиёсий ҳолат аниқ иқтисодий ва молиявий истиқболларни очади ҳамда хорижий ҳамкорларни Ўзбекистонга сармоя киргизишини рагъбатлантиради. Ўз навбатида мен Ўзбекистон билан иқтисодий, саноат ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва айрибошлашни ривожлантиришга тайёрман.

Ежи Шукалский, Люблин университети ва Хелм Халқаро муносабатлар ва ижтимоий коммуникациялар олий мактаби профессори (Полша):

- Сўнгги йиллар давомида мен турли мамлакатлар сиёсий тизимларини тадқиқ қилиш ва парламентлари фаолиятларининг таҳлили билан шугъулланиб келмоқдаман. Яқинда менинг Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қилувчи навбатдаги ўзбек парламентаризми шаклланишининг асосий босқичлари ўз аксини топган Олий Мажлис тизими, унинг вазифалари ва фаолиятига багъишланган монографиям эълон қилинди.

Бўлиб ўтадиган Президент сайлови, менинг шахсий кузатувимга кўра, халқаро меъёрларга тўла мослиги билан бирга, ўзбек жамиятининг миллий ўзига хос жиҳатини ҳам ўзида намоён этади. Сайловолди жараёнлар муҳим босқич бўлиб, мазкур сиёсий тадбирнинг хусусияти ва натижасини, унинг транспарентлик даражаси ва номзодларнинг сиёсий малакаларини кўрсатиб беради.

Ўзбекистон сиёсий партиялари ва фуқаролари сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш борасида тенг ҳуқуқ ва имкониятлар билан таъминланганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим, деб ҳисоблайман.

Борис Кандов, АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси президенти:

- Ўзбекистон ислоҳотларнинг ўзбек модели тамойилларига асосланган ўз тараққиёт йўлини танлаган. Бу йўл ўзининг ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилганлигини намоён этмоқда ва халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. Бугун Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг замонавий, ўз ортидан эргаштириш қудратига эга бўлган давлати ҳисобланади.

Жуда кўплаб ватандошларим каби мен ҳам мамлакатингизда кечаётган тараққиёт жараёнларини диққат билан кузатиб бораман. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайловни ташкил этиш ишига ўта масъулият билан ёндошганини алоҳида таъкидлашни истардим. Унинг илк қадамларидан бири халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан кузатувчиларни таклиф этиш бўлди. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги юксак нуфузини ҳисобга олган ҳолда, аминманки, дунёнинг кўплаб давлатлари сайлов жараёнларини мониторинг қилиш учун ўз вакилларини юборишади.

Мен халқаро кузатувчи сифатида мамлакатингизда бўлиб ўтган сайловларда илгари ҳам қатнашганман. Умид қиламанки, менинг фаолиятим бўлиб ўтадиган Президент сайловида шаффофлик ва очиқлик таъминланганлигининг холис баҳоланишига кўмаклашади.

Чой Сунжа, Инҳа университети президенти (Корея Республикаси):

- Президент сайловида бутун дунёдан кузатувчиларнинг иштирок этиши бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбирнинг халқаро меъёрларга тўла мос ҳолда ўтказилишидан далолат беради ва Ўзбекистонда сайлов жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини яна бир бор намойиш этади.

Асоси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов томонидан яратилган икки томонлама ҳамкорлик даражасининг юқорилигини ҳисобга олиб, мен декабр ойида бўлиб ўтадиган сайловдан кейин ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги барча соҳалардаги муносабатлар янада чуқурлашишига ишонаман.

Рамачандран Ражендран, ТОР 10 журнали асосчиси ва бош ижрочи директори (Малайзия):

- Ўзбекистонда аҳолини, айниқса ёш авлодни миллий сайлов қонунчилиги билан таништириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатингизда демократик талабларга тўла жавоб берувчи замонавий сайлов тизими яратилган, самарали, халқаро сайлов меъёрлари ва тамойилларига мос келадиган, фуқароларнинг хоҳиш иродаларини эркин ифода этишларини таъминлайдиган сайловларнинг қонуний асослари шакллантирилган.

Ушбу муҳим ва масъулиятли паллада ўзбек халқининг жипслашганлиги Президент сайлови овоз берувчиларнинг юксак фаоллиги ва ошкоралик, очиқлик ва транспарентлик тамойилларига мос ҳолда муваффақиятли ўтади, деган хулосага келиш имкониятини беради.

Маҳфуз Сидиқ, Индонезия парламенти Халқ вакиллари палатаси Қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик, балиқчилик ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш масалалари қўмитаси аъзоси:

- Ўзбекистон ривожланган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ишонч билан одимлаб бормоқда. Бунга биз ўзбек матбуоти орқали кузатиб бораётган Президент сайловига режали ва ҳар томонлама тайёргарлик жараёнлари ҳам мисол бўла олади.

Мен икки марта мамлакатингизда бўлиб ўтган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганман ҳамда ҳар гал демократиянинг энг яхши анъаналари ва халқаро тажрибанинг ижобий жиҳатларини қабул қилиш йўли билан Ўзбекистонда сайлов жараёнларининг босқичма-босқич ривожланиб борганининг гувоҳи бўлганман.

Ўзбекистоннинг мамлакатни модернизация қилиш, ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш ҳамда сайлов соҳасини такомиллаштириш борасида эришган муваффақиятлари юксак баҳога муносиб.

Профессор Магди Заъбал, Заказик университети миллий тадқиқотлар маркази директори, Қоҳирадаги Миср-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси:

- Ўзбекистонда биринчи Президент Ислом Каримов раҳбарлигида кенг кўламли ижобий ўзгаришлар амалга оширилди - мамлакатнинг жадал иқтисодий тараққиёти ва уни кенг кўламли модернизациялашга хизмат қилган сиёсий барқарорлик, мустақил ташқи сиёсат йўналиши ва хавфсизлик таъминланди.

Шу билан бирга, мамлакатда адолатни, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришини, овоз беришнинг мутлақ очиқлик ва ошкоралигини кафолатлайдиган сайлов тизими яратилди. Шуниси қувончлики, мамлакатингизда миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасида мақсадли ва босқичма-босқич ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Ўзбекистон ўз амалиёти ҳамда хорижий давлатларнинг илгъор тажрибаларига таянмоқда.

Очиқ демократик ҳуқуқий давлат бўлган Ўзбекистон ўзининг халқаро бурчларини изчил бажариб келмоқда, мамлакатда бўлиб ўтадиган сайловларга халқаро ташкилотларда фаолият олиб борадиган тажрибали мутахассисларни - халқаро кузатувчиларни мунтазам равишда таклиф этмоқда.

Мен 2005-2009-йилларда Мисрнинг Тошкентдаги элчихонасида маданият масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб мамлакатингизда хизмат қилиш бахтига муяссар бўлганман. Бундан ташқари, Ўзбекистонга 2014-йилда парламент сайловида халқаро кузатувчи бўлганман ва унинг юксак даражада ташкил этилганига ва шаффофлик тамойилига асосланган ҳолда ўтганига гувоҳ бўлган эдим. Бинобарин, жуда кўплаб халқаро кузатувчиларнинг фикрига кўра ҳам, парламент сайлови очиқлик, ошкоралик муҳитида, халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла мос ҳолда ўтди.

Источник: jahonnews.uz

Top