14:56 / 23.11.2016
9927

Ҳиндистон Покистон назоратидаги ҳудудларга кенг қамровли ҳужум уюштирди

Фото: AP

Ҳиндистон армияси Кашмирнинг Покистон назоратидаги ҳудудларига кенг қамровли ўт очишни бошлагани хабар қилинмоқда. Расмий Исломобод камида тўрт нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини таъкидламоқда. 

Ҳинд ОАВ тарқатаётган хабарларга кўра, ушбу амалиётлар ҳинд аскарларининг жангарилар томонидан ўлдирилганига жавобан ўтказилмоқда. Армия бўлинмалари ўқотар қуроллар ва миномётлардан фойдаланган ҳолда Пунч, Кел, Ражаури ва Маччал назорат сектори бўйлаб ўт очмоқда. Улар Покистон армияси постларини нишонга олмоқда. 

Ўз навбатида, Покистон армияси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳудудда кетаётган автобуслардан бири ўққа тутилгани оқибатида 4 киши қурбон бўлган, 7 киши жароҳатланган. Dawn нашри полиция маҳкамасига таянган ҳолда 9 кишининг ҳалок бўлгани, 11 кишининг яралангани ҳақида ёзмоқда. 

Ҳиндистон армияси кенг қамровли амалиётини куни кеча ўлдирилган аскарларидан бирининг боши танасидан узиб ташлангани билан изоҳламоқда. Шу билан, ҳарбий манбанинг сўзларига кўра, Ҳиндистон бундай жиноятлар жавобсиз қолмаслигидан огоҳлантирмоқда. 

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар 29 сентябрдаги воқеалардан сўнг, тобора таранглашмоқда. Ўшанда Ҳиндистон аксилтеррор амалиёт ўтказганини даъво қилиб, Покистон назоратидаги ҳудудларга "аниқ зарбалар" берган эди. Исломобод эса, одатдаги чегара тўқнашуви юз бергани икки покистонлик чегарачининг умрига зомин бўлганини айтган эди. 

Top