20:40 / 24.11.2016
7826

Янги Airbus A350-1000 самолёти илк маротаба ҳавога кўтарилди

Фото: Reuters

Франциянинг Тулуза шаҳридаги аэродромдан 24 ноябрда A350 самолётининг энг йирик варианти ҳисобланадиган икки моторли A350-1000 самолёти илк маротаба ҳавога кўтарилди. Самолёт фойдаланишда бўлган А350-900’га нисбатан 7 метрга узунроқ ва 40 нафар йўловчи кўпроқ сиғдира олади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда

Самолёт эрталаб 3 соатлик илк парвозига жўнади. Парвозни 356 млн доллар турадиган ушбу самолётнинг яратилишига сармоя қиритган авиакомпаниялар раҳбарлари кузатиб бордилар.

Парвоз қилган самолёт қишда жадал синовдан ўтказиладиган учта шундай самолётдан биридир. Airbus самолётлар 2017 йилнинг 2-ярмида эксплуатацияга киритилишига умид билдирмоқда. Бу ҳақда Airbus ижрочи директори Фабрис Брежье маълум қилди. Бу самолётда парвозларни амалга оширадиган илк авиакомпания Qatar Airways бўлади.

A350-1000 фюзеляжи енгил углерод толадан ясалган. Самолётнинг максимал учиш узоқлиги 14800 км ни ташкил қилади.  

Маълум қилинишича, самолёт бундай авиалайнерлар сегментида АҚШнинг Boeing компанияси монополиясига чек қўйиш мақсадида яратилган. Янги самолёт ўз ичига 366 кишини сиғдира олади, бу эса Boeing 747 самолётининг охирги модели ўзига сиғдира оладиган йўловчилар сонидан 44 тага камроқни ташкил қилади. Бироқ  А350-1000 ёнилғини тежаш нуқтаи назаридан яхшироқ кўрсаткичларга эга.

Top