16:30 / 24.11.2016
7779

Муддатидан олдин овоз бериш — фуқаролар сайлов ҳуқуқини таъминлашнинг муҳим мезони

Шу йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларимиз ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, сиёсий хоҳиш-иродасини намойиш этади. Қонунчиликка биноан, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари томонидан муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди, — дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Олимжон -Абдуназаров. — Хусусан, уларнинг қарорларига кўра, бу жараён 24 ноябрь куни бошланади ва 2 декабрь куни тугайди. Фуқаролар шу кунларда соат 9 дан 18 га қадар тегишли участка сайлов комиссияларига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Бунда сайловчи сайлов куни ўз яшаш жойида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида сайлов варақасини олади. Бу ҳақда комиссиянинг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Сайловчи сайлов варақасини махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради ва ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. 4 декабрь куни овоз бериш тугагач, сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссиясининг барча аъзоси ҳозирлигида сайлов варақалари солинган ёпиқ конвертлар қутиларга ташланади.

Барча сайлов округида бўлгани каби 6-Наманган округ сайлов комиссиясида ҳам сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишини таъминлаш бўйича кенг миқёсдаги ташкилий ва тарғибот ишлари олиб борилди. Жойларда ўтказилган семинар-тренинглар чоғида участка сайлов комиссиялари аъзолари бу борада сайлов қонунчилигида белгиланган тартиб-қоидалар билан атрофлича таништирилди. Бундан ташқари, мавжуд 690 та сайлов участкаси шу мавзуда тайёрланган махсус видеоролик ва бошқа тарғибот материаллари билан таъминланди. Уларга муддатидан олдин овоз бериш учун талаб этиладиган сайлов варақалари ҳам етказиб берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, округ сайлов комиссиясининг муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш ҳақидаги қарори вилоят, туман ва шаҳар газеталарида, округ сайлов комиссиясининг веб-сайтида эълон қилиниб, сайловчилар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари эътиборига ҳавола қилинди.

— Мамлакатимиз  ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир яқинлашгани сари сайловолди ишлари ҳам қизғин тус олаётир, — дейди Наманган шаҳридаги 97-участка сайлов комиссияси раиси Адҳамжон Ҳасанов. — Сайловчиларнинг овоз бериши учун ҳамма нарса тахт қилиб қўйилди. Сайлов куни яшаш жойида бўла олмайдиган фуқароларнинг муддатидан олдин овоз беришини таъминлашга ҳам ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрилди. Айни пайтда комиссиямиз аъзолари ушбу масала бўйича мурожаат қилган фуқароларга тегишли маълумотларни бериб бораяпти.
Косонсойлик Насибжон Охунов шу йилнинг 28 ноябрь куни чет элга сафарга отланаяпти. Унинг учун мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу сиёсий тадбирда иштирок этиш ҳамда қарор қабул қилиш жуда муҳимдир. 

— Сайловда қатнашиш ҳар бир фуқаронинг нафақат ҳуқуқи, айни пайтда бурчи ҳам, деб биламан, — дейди Насибжон. — Чунки сайловда келажак тараққиётимиз учун овоз берамиз, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз муносабатимизни билдирамиз. Маҳалламизда жойлашган 141-сайлов участкасига келиб, ўз сайлов ҳуқуқимни муддатидан олдин рўёбга чиқариш имкониятлари билан танишдим ҳамда участка сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилдим. Сафарга кетгунимга қадар муносиб номзодга овоз бераман.

8-Сирдарё сайлов округи ҳудудидаги барча сайлов участкасида ҳам муддатидан олдин овоз беришга жиддий тайёргарлик кўрилди. Округ сайлов комиссиясининг бу ҳақдаги қарори маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Семинар-тренингларда сайлов жараёнининг ана шу муҳим босқичини ташкил этиш бўйича участка сайлов комиссиялари аъзоларига батафсил маълумотлар берилди. Ушбу мавзуда кўрсатув, эшиттириш ва мақолалар эълон қилинди. Округдаги 271 сайлов участкасига муддатидан олдин овоз берувчилар учун етарли миқдорда сайлов варақалари етказиб берилди.

— Муддатидан олдин овоз бериш сайловчиларимизнинг ўз сайлов ҳуқуқларидан фойдаланишининг қонуний кафолатларидан биридир, — дейди Гулистон шаҳридаги 23-участка сайлов комиссияси раиси Лайло Ғойипова. — Яъни кимдир бирор сабаб билан сайлов куни ўз сайлов участкаси ҳудудидан узоқда бўлиши ҳақида участка сайлов комиссиясига мурожаат қилса, унга овоз бериш имконияти яратилади. Ҳозиргача участкамизга икки нафар сайловчи ана шундай мақсадда ташриф буюрди. Комиссиямиз аъзолари томонидан уларга муддатидан олдин овоз бериш тартиб-қоидалари тушунтирилиб, белгиланган муддатнинг ўзларига қулай кунида сайлов ҳуқуқларидан фойдаланишлари мумкинлиги айтилди. Улардан бири Нодира Ҳакимовадир.

— Сайлов куни хориж сафарида бўламан. Шу сабабли ўзим рўйхатга олинган 23-участка сайлов комиссиясига мурожаат қилдим, — дейди Н. Ҳакимова. — Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш мумкинлигини айтишди. Бугун-эрта ана шу имкониятимдан фойдаланиб, Ватанимиз тинчлиги ва тараққиёти, турмушимиз бундан-да фаровон бўлишини ният қилган ҳолда, муносиб номзодга овоз бермоқчиман.
Мамлакатимиздаги барча сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу эса фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини тўлиқ таъминлашга хизмат қилади.


«Халқ сўзи» мухбирлари 
хабарлари асосида тайёрланди.

Top