12:45 / 24.11.2016
9680

Ўзбекистон АКТ тараққиёти индексида 110-ўринда қолди

Фотол: ЎзА

Ўзбекистон Ахборот-коммуникация технологиялари тараққиёти индексида 4,05 кўрсаткичини қайд этиб, 110-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Халқаро электр алоқа иттифоқининг 22 ноябрь куни тақдим этилган «Ахборот жамияти ўлчови» номи остидаги йиллик ҳисоботида келтирилган.

Бу МДҲ мамлакатлари орасида тўққизинчи натижа ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, ўтган йилги рўйхатда ҳам Ўзбекистоннинг ўрни 110-ўрин бўлганди, аммо ўшандаги кўрсаткич 3,76 га тенг эди.

ХЭАИ маълумотига кўра, Ўзбекистонда стационар телефон алоқасига уланганлар сони ҳар 100 кишига 8,44 ни, мобил алоқасига уланганлар эса — ҳар 100 кишига 73,34 ни ташкил қилади. Халқаро трафик ҳар бир фойдаланувчи бошига 2075,36 бит/сониядан иборат.

Ўзбекистонда уй хўжаликларининг қарийб 43,2 фоизи компьютерларга эга, 52,6 фоиз киши интернетга уланган. Таққослаш учун, 2015 йилги ҳисоботга кўра мос равишда 5 фоизлик ва 8 фоизлик ўсиш қайд этилган.

Уй шароитида интернетдан фойдаланувчилар 42,8 фоиз — бу ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан 7 фоизга кўп.

Ҳисоботда қайд этилишича, Стационар кенг полосали интернетдан фойдаланувчилар сони ҳар 100 кишига 3,57 ни ташкил этади. Фаол мобил интернет фойдаланувчилари сони эса 4 фоизга ўсиб, ҳар 100 кишига 28,69 га етди.

Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги давлатлар орасида Беларусь рўйхатнинг 31-поғонасидан жой олган, Россия 43, Қозоғистон 52, Озарбойжон 58, Арманистон 71, Грузия 72, Украина 76, Қирғизистон эса 113-ўринда жойлашган.

Ахборот-коммуникация технологиялари тараққиёти индексида биринчи ўринни ўтган йилдаги каби Корея Республикаси эгаллади. 175 давлатдан иборат рейтингнинг кучли бешлигида Исландия, Дания, Швейцария ва Буюк Британия ҳам бор.

Top