09:53 / 25.11.2016
4565

Amazon араб онлайн-ритейлерини 1 миллиард долларга сотиб олмоқчи

Фото: Getty Images

Amazon араб дунёсидаги энг йирик онлайн-ритейлер Souq.com’ни 1 млрд долларга харид қилиш бўйича музокаралар ўтказмоқда, деб хабар берди Bloomberg манбаларга таянган ҳолда. Бу келишув Америка гигантига Яқин Шарқдаги ўз бизнесининг кенгайтириш имконини беради.

Агентлик суҳбатдошининг маълумотларига кўра, Amazon электрон савдо платформасини бутунлигича сотиб олмоқчи. Аввалроқ Souq.com компания акцияларининг фақатгина 30 фоизини сотмоқчилиги маълум бўлганди. Хабар қилинишича, томонлар якуний қарорга келишмаган. 

Манба маълумотига қараганда, Souq.com эҳтимолий харидорларни топиш мақсадида Американинг Goldman Sachs банки хизматидан фойдаланди. Ортаётган талаб туфайли электрон савдо платформасининг қиймати 1,2 млрд долларга етиши мумкин. 

Маълумот учун, Souq.com Саудия Арабистони, БАА ва Мисрлик мижозларга 1,5 млн.дан ортиқ маҳсулотларни онлайн-сотиш билан шуғулланади.

 

Top