09:32 / 29.11.2016
6302

Нурсултон Назарбоев нима учун Қозоғистонга ёш вазирлар зарурлиги сабабини тушунтирди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Россиянинг "Россия 24" телеканалига берган интервьюсида Қозоғистондаги ёш вазирлар ҳақида сўзлаб берди. Президентдан унинг сафдошлари орасида нима учун ёшлар кўплиги ҳамда амалдорлар ўртасида борган сари ёшлар кўпаётгани сўралди. 

"Ҳозир вақт келажак томон учмоқда, биз вақт, илмий ихтиролар, тараққиёт, янги технологиялар, янги саноатлашув ортидан улгура олмаяпмиз. Агар бизда билимли одамлар бўлмаса, буларни ким қилади? Шунинг учун, қийинчиларга қарамасдан, мен ёшларимизни бутун дунёда ўқитишга ҳаракат қилдим. Биз ёшларга 1993 йилдан бошлаб давлат стипендиялари бера бошлаганмиз, 22 йил ёшларни хорижга ўқишга жўнатганмиз, улардан ўн минглари қайтмоқда. Бундан ташқари, университетларимиз даражаси кўтарилди. Мисол учун, Назарбоев университет бу жаҳон даражасидир", деб айтди Назарбоев.  

"Ҳозир бу ёшлар ҳукуматда ўтирибдилар. Қаранг бизда 35-36 ёшли бир неча нафар вазир бор, улар ишларини меъёрида уддаламоқдалар. Уларнинг барчаси мактабдан ўтиб бўлган. Ҳукуматда бошқарув персонали негизини 35-45 ёшлилар ташкил қилмоқда. Фикримча, биз турғунлик даврини такрорлашимиз керак эмас. Қозоғистонни олға интилтирадиган ёшларни яхши тайёрлашимиз керак", деб таъкидлаб ўтди Назарбоев.

"Энг асосийси – одамларни танлашда қийинчилик ва хатолар юз беради. Бирор одамни топиб, уни муваффақият келтира оладиган бирор соҳага қўйиш мураккаб ишдир. Бир одам бу жойга мос, бошқаси бошқа жойга ва ҳоказо. Одамларни топиш ҳар доим мураккаб бўлган", деб айтди Қозоғистон президенти.

"Қозоғистонни билимли ёшлар олдинга олиб бориши керак. Бизда мактабларда учта тилда мажбурий таълим жорий қилинган: қозоқ тили, инглиз ва рус тиллари. Юқори синфларда математика, физика, кимё каби фанлар инглиз тилида олиб борилади, университетлар ҳам инглиз тилига ўтмоқда. Бу замон талаби, бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Агар илмий ихтироларни биринчи манбалардан билишни, илмий мақолаларни ўқишни истасак, унда инглиз тилини билишимиз керак. Рус тили орқали қозоқлар илм, маданият оламига кирганлар, билимли бўлганлар", деб қўшимча қилди Назарбоев.  

 

Top