12:44 / 03.12.2016
4601

Испания нашрларидан бирида мамлакатимиз Президент сайлови тўғрисида мақола чоп этилди

Испаниянинг ДИАРИОЯ кундалик ижтимоий-сиёсий газетаси “Ўзбекистон Президент сайловини ўтказиш арафасида” сарлавҳали мақола чоп этди.

Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайловига тайёргарлик ҳақида испан жамоатчилигини таништиришга бағишланган мақола Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қўлга киритган ютуқлари эътирофи билан бошланади.

“Сўнгги чорак аср давомида Ўзбекистон Республикаси кенг кўламли муваффақиятларга - жадал ривожланаётган иқтисодиёт ва сиёсий барқарорликка эришди, - деб ёзади ДИАРИОЯ. - Дунё иқтисодиётида қалқиб туриш ҳолати ҳамон кузатилаётганига қарамай, ушбу ёш давлат иқтисодиётида ўсиш қатор йиллар давомида 8 фоиздан ошиб келмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон - дунёнинг энг барқарор давлатларидан бири ҳамдир”.

Мақола давомида давлат раҳбари лавозимига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнлари ҳақида сўз юритилар экан, Испания газетаси мамлакатимиз сайлов қонунчилигининг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб, ўқувчилар эътиборини унинг халқаро андозаларга тўла мос эканига қаратади.

“Президент сайлови демократик тамойиллар асосида, транспарентлик ва муқобиллик руҳида ўтади. Сайловчилар Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ  демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзодлардан бирига овоз бериш имкониятига эгалар. Ҳар бир номзод сайловчиларга мамлакат келажагини яратиш бўйича ўз қарашларини таклиф этади”, дейилади мақолада.

ДИАРИОЯ сайлов жараёнларини мувофиқлаштирадиган ва сайлов қонунчилиги ижросини назорат қиладиган Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг фаолияти ва унинг мустақил конституциявий мақомига алоҳида эътибор қаратади.

Нашрнинг хулосасига кўра, сайловнинг очиқлиги даражаси ва унинг демократик асосда ўтказилишини овоз бериш жараёнини мониторинг қилишга  тўлақонли миссиясини юборишга қарор қилган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчиларининг Ўзбекистонда ҳозир бўлишганини  ҳам тасдиқлайди.

Манба: jahonnews.uz

Top