10:02 / 05.12.2016
13296

Ўзбекистонлик йигитларни пичоқлаган арманистонлик узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: Getty Images

Арманистондан Ўзбекистондаги қариндошлари олдига меҳмонга келган Артем Гариков (исм-фамилиялар ўзгртирилган) 2016 йилнинг март ойларида Тошкентдаги кафелардан бирида спиртли ичимлик ичиб, маст бўлиб қолади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Унинг ёнига келиб, ҳол-аҳвол сўраган Дилшод Меркулов ва Анвар Исроиловларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди. Шундан сўнг улар ўртасида муштлашув чиқади. Артем ёнидан пичоқ чиқариб, Дилшоднинг қўли ва кўкрагига санчиб олади. Уларни ажратишга келган Анвар ҳам пичоқ зарбига учрайди. Дилшод кўп қон йўқотганлиги ва жароҳати оғир бўлгани туфайли ҳушидан кетади.

Кўп ўтмай воқеа жойига “Тез тиббий ёрдам” ҳамда милиция ходимлари келиб, Дилшод ва Анварни касалхонага олиб боришади. Ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам туфайли уларнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Ушбу ҳолатни атрофлича кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан Артем Гариков Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан айбдор деб топилиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

 

Top