14:52 / 06.12.2016
6175

Хитой суди эрни хотинидан қўриқлаш бўйича буйруқ берди

Пекин шаҳри суди ўз тарихида биринчи марта эрни хотинидан қўриқлашга доир кўрсатма берди. Эндиликда, эрини доимо калтаклаб келган аёл турмуш ўртоғига 200 метрдан яқин йўлай олмайди, деб ёзмоқда China Daily газетаси.

Эр-хотин 2014 йилдан никоҳда истиқомат қилади, эрнинг таъкидлашича, улар майда-чуйда нарса учун доимо жанжаллашишади. Жабрланувчининг сўзларига кўра, хотини уни дастлаб май ойида, сўнгра ноябрда янги туғилган қизининг кўз ўнгида яна дўппослаган. Ўтган чоршанба, 30 ноябрь куни жабрдийда эр полиция маҳкамасидан ҳужжатларни, тиббий маълумотномани олиб Пекин судларидан бирига мурожаат қилган. 

Шундан сўнг, суд эркакни хотинидан ҳимоя қилиш мақсадида аёлга турмуш ўртоғига таҳдид қилиш, унинг хотиржамлигини бузиш ёки зарар етказишни тақиқлаган. Бундан ташқари, айбдор аёл эри яшаётган хонадонни олти ойга тарк этиб, унга камида 200 метрдан яқинга йўламаслиги керак. Ушбу кўрсатма бузилган тақдирда аёл 15 кунга ҳибс қилиниши ҳамда минг юань (143 доллар) жаримага тортилиши мумкин. 

Суднинг мазкур қарори оиладаги зўравонликка қарши кураш мақсадида март ойида қабул қилинган қонун доирасида қабул қилинган. 

 

Top