14:38 / 06.12.2016
7811

Нафсига эрк берган мудира жазога тортилди

Фото: ZN.ua

Уйчи тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли мактабгача таълим муассасаси мудираси Инобат Ботирова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) соҳага қаратилган эътиборга беписанд муносабатда бўлиб, ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

2015 йилнинг июнь-ноябрь ойлари учун муассаса тарбияланувчиларининг ота-оналаридан бадал пулларини гуруҳ тарбиячилари орқали йиғиб олгач, “феъли айниди”. Нафсига эрк бериб, бу маблағнинг 7 млн. 933 минг сўмини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборди. Кейин ўз кирдикорларини яшириш мақсадида болаларнинг қатнови ва уларга ҳисобланган ота-оналар бадали бўйича ҳисоботга сохта ёзувлар киритиб, бадал миқдорини камайтириб кўрсатди. Гуруҳ тарбиячиларининг имзосини қалбакилаштириб, туман молия бўлимига тақдим этди. 

Мудира қилган ишидан пушаймон бўлиш ўрнига пулнинг топишнинг янгидан-янги йўлларини ахтара бошлади. Туғиш таътилига чиққан Гавҳар Мавлонова унга учраб, ўз ишига қайтиш нияти борлигини айтганида И.Ботирова пул ишлаб олиш имконини туғилганини англади-ю, унинг илтимосини ўзича рад этган бўлди.

-  Бунинг асло иложи йўқ. Ҳали болангиз жуда ёш... Қолаверса, ўрнингизга одам олиб қўйганман, иш ўрнингиз банд.

Мудиранинг кескин рад этганидан юраги ғашланган Г.Мавлонова унга ялина бошлади. 

-  Шу ишимни ҳал қилиб беринг, эвазига нима шарт айтсангиз бажараман. Биласиз, оилавий шароитимиз яхши эмас... Мен ҳозир ишга қайтиб, оиламиз эҳтиёжи учун пул топмасам бўлмайди. 

И.Ботирова бир муддат ўйланиб турган киши бўлди-ю, сўнгра ходимасига юзланди. 

-  Майли, сиз айтгандек бўла қолсин. Фақат... эвазига 150 доллар олиб келиб берасиз!

Г.Мавлонованинг рози бўлишдан бошқа иложи йўқ эди. У эрта-индин келиб учрашини айтиб, хайрлашди.

Бу орада Г.Мавлонованинг акаси Дониёр келиб, мудирадан пул миқдорини камайтиришини сўради. Бироқ И.Ботирова ўз сўзида туриб олди. 

У айтгандек бўлди – Дониёр 150 АҚШ долларини 800 минг сўмга баҳолаб, шунча пулни олиб келиб берди. Аммо бу маблағни ишлатиб ҳузурланиш И.Ботировага насиб этмади. Кўп ўтмай хизмат хонасига кириб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди И.Ботировага нисбатан уч йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш муайян ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 210 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

Top