00:38 / 07.12.2016
4230

"Формула-1"нинг Mercedes жамоаси пойгачи Росберг ўрнига номзод изламоқда

"Формула-1"нинг Mercedes жамоаси ўз пойгачиси Нико Росберг ўрнига Фернандо Алонсо номзодини кўриб чиқмоқда. 

"Биз Фернандо номзодини кўриб чиқишимиз керак. Мен уни ҳурмат қиламан. У ўзида истеъдод, тезлик ва тажрибани мужассамлаштирган. Бироқ унинг McLaren билан шартномаси бор, шунинг учун биз бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқишимиз керак. Биз икки пойгачи бир хил мавқе ва бир хил имкониятларга эга бўладиган тизимни қўллаб-қувватлаймиз", деб айтди жамоа ижрочи директори Тото Вольфф.

McLaren Technology Group раҳбари Зак Браун испан пойгачиси жамоани тарк этишидан ташвишланмаслигини айтди.

"Бизда Фернандо билан шартнома бор ва у жамоада ўзини жуда бахтиёр сезади. Шубҳасиз, у биз каби ютишни истайди, бироқ биз унинг жамоани тарк этишидан ташвишланмаяпмиз", деб айтган Браун.

Mercedes пойгачиси Нико Росберг 2016 йилги мавсумда илк бор чемпион бўлгач пойгадан кетишини маълум қилган. Алонсо 2015 йилда McLaren’га қайтди. У бу жамоа учун 2007 йилда иштирок этган. Ўшанда унинг шериги Mercedes’нинг ҳозирги пойгачиси Льюис Хэмилтон бўлган. 

 

Top