12:00 / 07.12.2016
5997

«Одноклассники»да гуруҳ маъмурларига пул ўтказиш мумкин бўлди

«Одноклассники» ижтимоий тармоғи гуруҳ маъмурларига пул ўтказиш тизимини ишга туширди. Бу ҳақда тармоқ вакилларига таянган ҳолда www.vc.ru сайти хабар қилмоқда. 

Шундай қилиб, тармоқ фойдаланувчилари ўзи аъзо бўлган гуруҳ хизмати учун ҳақ тўлаши, гуруҳни ривожлантиришга ҳисса қўшиши ёки ҳайр-эҳсон қилиши мумкин. Пул ўтказиш тугмаси гуруҳ тимсоли пастида жойлашган. 

Даставвал, гуруҳ маъмури банк карточкаси рақамини электрон жамият созланмасига киритиши талаб этилади. 

Ҳар бир пул ўтказмаси учун фойдаланувчидан комиссия олинади. Унинг миқдори банк, маблағ ҳажми ва тўлов тизимига боғлиқ бўлади. Хусусан, Visa картасидан 100 дан 1 минг рублгача 35 рубль хизмат ҳақи олинади. 1 мингдан 5 минггача бу рақам 50 рублни ташкил этади. 

Шу билан бирга, биринчи босқичда «Одноклассники» MasterCard ва Maestro карталаридан ўтказилган пул ўтказмаларидан ҳақ олмаслиги белгиланган. 

Фойдаланувчилар эса бир кунда кўпи билан 100 минг рубль, бир ойда 500 минг рублдан ортиқ маблағни ўтказа олмайди. Тўловларни қайта ишлаш амалиётини  «ВТБ24» банки бажаради. 

2016 йил сентябрь ойида «ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ҳам шу каби тўловни жорий қилган эди. У ҳам «Одноклассники» каби Mail.Ru Group компаниясига тегишли. 
 

Top