00:01 / 07.12.2016
10301

Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон раҳбари телефон орқали мулоқот қилишди

Фото: © RIA

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида 2016 йил 6 декабрь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Туркманистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклади.

Суҳбат чоғида ўзбек ва туркман халқларининг тарихий муштараклиги, маънавий ва маданий қадриятлари яқинлиги таъкидланди.

Мамлакатлар раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги серқирра ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболли йўналишларини муҳокама этиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Давлатлар раҳбарлари дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган юксак даражадаги давлатлараро муносабатларни мамнуният билан қайд этиб, бундан буён ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий ва очиқ мулоқотларни фаол давом эттиришга қатъий ишонч билдирдилар. 

Томонлар мамлакатларимиз хўжалик субъектлари ва етакчи компаниялари ўртасида амалий алоқалар ҳамда яқин ҳамкорлик сезиларли равишда фаоллашаётгани, шунингдек, ҳамкорликдаги ишларда амалий натижаларга эришилганини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар. 

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга ўзи учун қулай бўлган вақтда Туркманистонга расмий ташриф билан келишини таклиф этди. Таклиф мамнуният билан қабул қилинди.

 

Top