17:36 / 09.12.2016
6709

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ўз фаолияти давомида нималарга эришди?

Фото: ТАСC

БМТ ХК яқин кунларда ташкилотнинг Бош котиби Пан Ги Муннинг фаолияти давомида хизматларини эътироф этиш мақсадида махсус резолюцияни қабул қилишни режалаштирмоқда. ХК сайтида жойлаштирилган ишлар режасига кўра, ҳужжат бўйича овоз бериш жараёни 72 ёшли Пан Ги Мун ўз лавозимини тарк этишидан икки ярим ҳафта аввал, 14 декабрь куни бўлиб ўтади. У 2007 йил биринчи январидан энг йирик халқаро тузилма Бош котиблиги вазифасини бажаришга киришган эди. Шу муносабат билан, РИА Новости ахборот агентлиги БМТ Бош котибининг фаолиятига назар солишга уринган. 

Дипломатларнинг маълумотларига кўра, ХК резолюциясида Пан Ги Муннинг ўз вазифасини бажаришдаги илгари сурган сиёсий ва дипломатик ташаббуслари акс этади. 

Хусусан, Барқарор тараққиёт дастури, ўтган ойда кучга кирган Иқлим бўйича Париж келишуви шулар жумласидан. Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳасида таъкидланишича, Пан Ги Мун аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги учун курашгани ва БМТни ислоҳ қилиш борасида саъй-ҳаракатлар қилгани қайд этилган. 

Гарчи, танқидчилар Пан Ги Мун томонидан илгари сурилган ва йилига 4,5 трлн доллар маблағ талаб қиладиган Барқарор тараққиёт дастурини тўлиқ амалга ошириш имконсизлигини таъкидлашса-да, халқаро ҳамжамият кучларини бирлаштириш ўз самараларини бера бошлади. 

Жумладан, БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 25 йилда болалар ўлими 2 мартага қисқарган, сайёра аҳолисининг 1 млрддан ортиғи қашшоқлик балосини унутган. Шунга қарамай, 900 млн атрофидаги инсон қашшоқликка яқин шароитда кун кечирмоқда. 

Иқлим ўзгаришлари ва унинг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича имзоланган Париж битими энг тез суръатда кучга кирган халқаро шартнома сифатида тарих зарварақларидан жой олди. 

Пан Ги Мун бошқаруви вақтида, албатта, кўнгилсизликлар ҳам бўлиб турди. Хусусан, Бош котиб 2010 йил Ҳаитида юз берган даҳшатли зилзиладан сўнг, вабо тарқалишида айбланган ташкилот тинчликпарвар кучларининг масъулиятсизлиги учун узр сўрашга мажбур бўлди. Албатта, Бош котиб айбловларни рад этган ҳолда кечирим сўради. 

Бундан ташқари, БМТ раҳбари тинчликпарвар кучларнинг Марказий Африка Республикасидаги фаолияти учун ҳам узр сўрашига тўғри келди. Бу ерда фаолият юритган тинчликпарвар кучлар ҳарбийлари аёллар, жумладан вояга етмаганларга нисбатан жинсий тажовузкорликда айбланди. Маҳаллий аҳолидан юздан ортиқ ариза келиб тушди. 

Шунингдек, Жанубий Судандаги халқаро кучларнинг фаолиятидаги нуқсонлар сабабли ҳам ташкилот кескин танқид қилинмоқда. БМТ ўтказган суриштирув натижаларига кўра, мамлакатдаги 14 минг нафар "мовий каска"лилар тинч аҳоли вакилларини зўравонликлардан асрай олишмаган. 

Маълумки, Пан Ги Мун ўз ваколатини топширганидан сўнг, унинг ўрнини Португалиянинг собиқ бош вазири, 67 ёшли Антониу Гутерриш эгаллайди. У 2017 йил 1 январидан бошлаб, расман БМТнинг янги Бош котиби бўлади. 

 

Top