10:04 / 11.12.2016
5785

«Бешиктош»нинг 2 ходими Истанбулдаги портлашлар туфайли ҳалок бўлди

Фото: Reuters

Туркиянинг «Бешиктош» жамоасининг 2 нафар ходими 10 декабрь оқшомида «Водафон Арена» стадионида Туркия чемпионатидаги баҳсдан бир неча соат ўтиб амалга оширилган терактлар қурбонига айланди.

Жамоа расмий сайтида хабар қилинишича, клуб дўкони ходими Уджу Тунча ва стадион хавфсизлик хизмати ходими Вефа Каракурду портлашлар қурбонига айланган.

Портлашлар Истанбулда маҳаллий вақт билан 10 декабрь, шанба куни тахминан 22:30 да (Тошкент вақти билан 11 декабрь 00:30 да) «Водафон Арена» стадионининг шимоли-ғарбий девори ёнидан ўтган йўлда ҳамда арена яқинидаги боғда юз берди. Йўлда полиция махсус топшириқли бўлинмалари ўтирган автобус яқинида портловчи моддалар билан тўлдирилган машина портлатиб юборилган. Бир неча сониядан сўнг худкуш террорчи томонидан стадион рўпарасидаги хиёбонда ҳужум амалга оширилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 29 кишини ташкил қилди, уларнинг 27 нафари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидир. Яна 166 киши жароҳатланган, уларнинг кўпчилиги оғир аҳволда.

Туркия ички ишлар вазири терактни ташкил қилишга алоқадорликда гумонланиб, 10 киши ҳибсга олинганини маълум қилди.

Бундан олдинроқ, жамоа сайтида портлашгача ҳудудни мухлислар тарк этиб бўлгани ҳақида хабар қилинганди. Террорчиларнинг нишони полициячилар бўлгани айтилган.

Top