12:51 / 11.12.2016
12622

«Манчестер Сити»нинг хўрланиши, Серхио Рамоснинг навбатдаги қаҳрамонлиги ва шанба кунининг бошқа ёрқин воқеалари

Трибуна.uz шанба куни Кучли бешлик чемпионатларида бўлиб ўтган асосий ўйинлар тафсилотлари ҳақида эслатиб ўтади.

Гвардиола яна бир итальян мураббийдан енгилди.

Испания
«Барселона»нинг зерикарли ғалабаси

«Олтин Глобус» йилнинг энг бефойда ўйини учун берилганида, уни «Барса» ва «Осасуна» оларди. Примера турнир жадвалининг охирги ўрнида кетаётган жамоа қаторасига бешинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.«Барселона» Класикодаги муваффақиятсизликдан бир ҳафта ўтиб, сафарда йирик ғалабага эришди, аммо бу ғалаба жамоанинг турнир жадвалидаги ҳолатига таъсир кўрсатмади.

Биринчи бўлимда Суарес ва Месси бир неча вазиятларни кўкка совурди. Памплоналик йигитлар «Барселона»га гол уришга имкон беришмади.

Иккинчи бўлимда эса Лео мудофаани ёриб ўтди. Аввалига Суарес ҳисобни очди, 72-дақиқада эса Месси рақиб футболчиларини эмаклатиб гол урди, қўшимча дақиқаларда Месси якуний ҳисобни ўрнатди - 3:0.

«Осасуна» бош мураббийи Хоакин Капаррос ёзда Испания терма жамоасини бошқариши мумкинлиги айтилаётганди, ҳозир эса унинг жамоаси Примеранинг 20-ўрнини ишонч билан "бошқармоқда".

Рамос «Реал»ни яна бир бор қутқарди

«Бланкос» 2014 йилдан буён илк марта  BBC учлигининг биронта вакилисиз майдонга тушди – Зидан 4-2-3-1 схемасини танлади ва Мората, Асенсио ва Хамес ҳужумда ҳаракатланди. Колумбиялик футболчи биринчи бўлимда яхши таассурот қолдирди, аммо дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб бориб, гол ура олмади. 

«Реал» ўйинда устунлик қилди, аммо Мората – Альваро жуфтлиги ишончни оқламади. Кейлор Навас тўп билан қанча муомала қилган бўлса, улар ҳам тўпга шунча марта тегинишди. Мадридликларнинг марказий ҳужумчиси 50-дақиқага келибгина ўзини кўрсатди - 1:0. Ўйин қаҳрамони «Депор» ҳужумчиси Хоселу бўлиши мумкин эди, у 2 дақиқа ичида Каземиро ва Рамоснинг қўпол хатоларидан фойдаланиб, 2та гол урди.

Зидан ўйин ташкил қилишда бошқа вариантларидан фойдаланиб, Васкес ва Мариано Диасни майдонга ташлади. Барселонада туғилган, келиб чиқишига кўра доминиканлик бўлган Мариано ҳисобни тенглаштирди, Серхио Рамос эса қўшимча дақиқаларда ўз услубида «Депортиво»ни тиз чўктирди. Ўйин қаҳрамони бу сафар ҳам Рамос бўлди ва «Реал»нинг«Барселона»дан 6 очко олдинда боришини таъминлади.

Испанияда яна нималар бўлди?
«Реал Сосьедад» «Валенсия»ни 3:2 ҳисобида енгди. Бу ўйинда эътиборга сазовор воқелардан бири меҳмонлар дарвозабони Диего Алвес пенальти зарбасини бартараф этиши бўлди. Бу унинг 20-марта пенальтини қайтаришидир. Бу ғалабадан сўнг«Сосьедад» тўртинчи ўринга кўтарилди, Пранделли ва «Валенсия» эса хавфли ҳудудга яқинлашмоқда.

«Реал Мадрид» ва Зидан рекордни янгилади, «бланкос»ларни 35 ўйиндан буён ҳеч ким енгмаган.

Англия
Амалдаги чемпион АПЛнинг энг кучли мураббийини тарсакилади

«Лестер» эртаги қайтди – қаторасига 5 ўйиндан буён АПЛда ғалаба қозона олмаётган Раньери жамоаси кучли рақибни тор-мор этди. Ёмғир остида кечган учрашув бошидаёқ Варди Стоунз ва Коларовдан қочиб кетиб, ҳисобни очди. 2 дақиқа ўтиб Энди Грей жарима майдони ташқарисидан тўпни дарвозага киритди - 2:0. Кўп ўтмай Маҳрез ҳам Стоунзни қолдириб кетиб, Вардини қулай вазиятга чиқарди ва АПЛнинг жорий мавсумида гол урмай келаётган ўтган мавсумги тўпурар Бравони эмаклатиб гол урди, 20-дақиқадаёқ ҳисоб 3:0 кўринишига келди. Ўйин мезбонларнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Мавсумда шу вақтгача гол урмаган Варди биратўла хет-трик амалга оширди.

«Арсенал» «Сток» билан ўйинда иродали ғалабага эришди

«Канонирлар» ўйин бошидаёқ пенальтидан гол ўтказиб юборди, Чака Алленга қўполлик ишлатгач, белгиланган пенальтини Чарли Адам аниқ амалга оширди. Ўйиннинг қолган қисми эса лондонликлар рақиб жарима майдони атрофида қамал уюштириши билан кечди. Алексис Санчес Лондонда ким хўжайин эканини кўрсатиб қўйди. У қанотда очилган Бельеринни тўп билан таъминлади, испаниялик вингер эса Уолкоттни голли вазиятга чиқарди - 1:1.

Танаффусдан кейин «Арсенал» янада кўпроқ босим уюштирди ва «кулоллар» жарима майдонига қамалди. Месут Ўзил 2014 йилги ЖЧдаги Робин ван Перси каби сакраб, тўпни дарвоза тўрига жойлади - 2:1.

«Сток Сити» ёмғирли Лондонда яна бир гол ўтказди. Захирадан ўйинга қўшилган Алекс Ивоби якуний ҳисобни ўрнатди. Эндиликда «канонирлар» турнир жадвалида вақтинчаликка биринчи ўринга кўтарилган. «Челси» бу турдаги учрашувини бугун ўтказади.

Германия
«Бавария» «Вольфсбург»ни мажақлаб ташлади

Карло Анчелотти Мюнхенда ҳали ўз ўйин услубини аниқлаб олмаган, аммо жамоа ўз савияси эвазига «Вольфсбург»ни осонлик билан таслим қилди.

Мюнхенликларнинг етакчилари Лам, Рибери ва Роббен «Альянц-Арена»да рақибни ожиз қолдирди. Левандовски ҳам 2та гол урди, бу унинг клуб фаолиятидаги 199 ва 200-голлари бўлди. «Вольфсбург»га ҳатто Томас Мюллер ҳам гол урди – у Бундеслиганинг охирги 11 учрашувида (999 дақиқа) жим келаётганди.

«Бўрилар» қаторасига тўртинчи учрашувдирки, ғалаба нималигини билмай келмоқда ва энди жамоа турнир жадвалида 15-ўринга тушган. 

Ройс «Дортмунд»ни мағлубиятдан қутқарди

«Боруссия» Кёльнга ғалаба учун келганди, аммо дарҳол муаммоларга дуч келди. Аввалига асосий ҳимоячи Лукаш Пишчек жароҳат олди, бир дақиқа ўтиб Артём Руднев дортмундликлар дарвозасини ишғол қилди. Биринчи бўлимни «Дортмунд» тўпга эгалик қилишдаги 75 фоизлик устунлик билан якунлади, аммо «эчкилар» мудофаасини ёриб ўтишнинг имкони бўлмади.

Тухель ўйин охирида ҳужумчи Рамосни  ҳимоячи Сократис ўрнига ташлади ва бу ўз фойдасини кўрсатди. Ройс 90-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Марко «Дортмунд»ни қутқарди, аммо жамоа ҳозирда «Герта», «Айнтрахт» ва «Ҳоффенхайм» каби жамоалардан ортда қолмоқда.

Германияда яна нималар бўлди:
«РБ Лейпциг» Бундеслига аутсайдерига қарши ўйинда енгилди. Бу жамоанинг мавсумдаги илк мағлубияти бўлди ва бу мағлубият турнир жадвалидаги етакчилик «Бавария»га бой берилишига олиб келди.
«Герта» кутилмаганда Бременнинг «Вердер» жамоасига ютқазди, аммо бу жамоа турнир жадвалида учинчи ўринда қолди.

Италияда нималар бўлди:
Шанба кунига белгиланган ягона ўйинда «Лацио» «Сампдория»ни енгди – 1:2. Римликлар клуби А Серияда тўртинчи ўринга кўтарилди.

Францияда нималар бўлди:

«Монако»нинг ғалабали юриши давом этмоқда. Бу сафарги қурбон «Бордо» жамоаси дарвозасига 4та жавобсиз гол йўлланди. Жардим томонидан қайта кашф этилган Фалькао – «Йўлбарс» 2012 йилдан буён илк марта хет-трик амалга оширди ва тўпурарлар рўйхатида 11 гол билан учинчи ўринга кўтарилди.

Top