20:00 / 13.12.2016
8339

Исроилга 5-авлоддаги илк F-35 қирувчи самолётлари етиб келди

12 декабрь кечки вақт Исроилнинг Неватим аэродромига АҚШдан бир нечта оралиқ қўнишларни амалга ошириб, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари учун қурилган, 5-авлоддаги иккита янги Lockheed Martin F-35I Lightning II қирувчи самолётлари келтирилди. Исроил учун мўлжалланган самолётларга номидан кейин I индекси берилган. Исроилда бу самолётлар Adir, яъни "ажойиб" деб номланади. Самолётларни қабул қилиб олиш маросими Италиядаги туман сабабли белгилангандан 6 соат кейин бўлиб ўтди. Маросимда кўплаб юқори лавозимдаги амалдорлар иштирок этди, деб хабар бермоқда Newsru.co.il.

Мансабдор шахслар орасида АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху, Исроил президенти Реувен Ривлин, Исроил мудофаа вазири Авигдор Либерман, Исроил ҲҲК кўмондони Амир Эшель, АҚШнинг Исроилдаги элчиси Даниэль Шапиро бўлди. 

Исроил АҚШдан кейин бу кўп мақсадли самолётларни олган иккинчи давлат бўлди. Бу самолётлар F-35I каби белгиланса-да, мутахассисларнинг фикрича, стандарт F-35A’га озми-кўпми ўхшаш бўлиб, F-35I’га Исроил қурилмаларини 2020 йилдан бошлаб интеграция қилиш кутилмоқда. Бу Исроил учун сотиб олган самолётларига ўз қурилмаларини ўрнатиш бўйича оддий ҳолдир. Мисол учун, Исроилга мўлжалланган F-16 самолётлари АҚШникидан анча фарқ қилади. Хусусан, бу самолётлар Исроилда ишлаб чиқарилган радиоэлектрон қурилмалар билан жиҳозланган.

Маълум қилинишича, самолётлар исроиллик учувчилар томонидан бирор марта учиб кўрилмаган. Исроиллик учувчилар Аризонадаги машғулот базасида учиш амалиётига эга бўлган норвегиялик ва австралиялик учувчилардан фарқли равишда, самолётларда учишни фақатгина тренажёрларда машқ қилишган.

 

Top