08:54 / 14.12.2016
31984

Дунёнинг 15та «энг ёмон солиқ маконлари»

Йил охирида турли соҳаларда ҳисоботлар тайёрланиши, рейтинглар эълон қилиниши ўша соҳанинг ривожига туртки беришда ёрдам беради. Аммо, айрим ҳолларда аксилрейтинглар ҳам тузиб чиқиладики, у кўриб чиқилаётган йўналишдаги камчилик-нуқсонларни кўрсатиб беради. 

Шунга кўра, тадқиқотчилар йирик ва бой компаниялар, бадавлат инсонларнинг камроқ солиқ тўлашлари учун турли бўшлиқларни қолдирувчи мамлакатлар рўйхатини тузиб чиқишди. Қашшоқлик ва ижтимоий тенгсизлик муаммолари билан шуғулланадиган Oxfam ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, бутун дунё ҳукуматлари корпорациялар учун солиқларни пасайтирмоқда ва «солиқ тўлашдан бош тортишнинг турли кескин шаклларини таклиф этмоқда». Бунда улар сармояларни жалб этишни кўзлаётганини иддао этишади. 

Тадқиқотчиларнинг кесатиқ билан таъкидлашларича, ушбу солиқларни пасайтириш пойгасида «қашшоқлик ва ижтимоий тенгсизликка қарши курашиш мақсадида миллиардлаб долларга муҳтож бўлган мамлакатлар қатнашмоқда». Oxfam рейтингидаги давлатлар солиқ юкламаси даражасига кўра жойлаштирилган. 

Тадқиқотчилар ўз рўйхатларини тузиб чиқишда, ушбу мамлакатларнинг ортиқча солиқ имтиёзлари тақдим этиши, уларнинг солиқ тўламайдиганларга қарши кураш борасида халқаро ташкилотлар билан нақадар ҳамкорлик қилиши, масалан, ўз молиявий тизими шаффофлигини ошириш кабиларга эътибор қаратишган. 

Ҳужжатда айтилишича, бу борада энг ёмон кўрсаткич Бермуда ороллари, сўнгра Кайман ороллари ва Нидерландиядадир. Бермуда ороллари бизнесни ривожлантириш агентлиги вакилларининг сўзларига кўра, ҳисоботда давлатнинг улкан савдо ва молия тузилмаси ҳисобга олинмаган, тадқиқотчиларнинг ўзлари эса «иқтисодиётни нотўғри талқин қилишмоқда ва юз бераётган жараёнларни жуда ҳам англаб етишмаяпти».

Oxfam ходимлари аксинча, ҳукумат корпоратив солиқларни камайтирганда мувозанатни сақлаб қолиш учун ёки харажатларни қисқартириши ёхуд ҚҚС каби бошқа турдаги солиқларни кўтариши керак, деб ҳисобламоқда. Oxfam’нинг уқдиришича, дунёдаги энг йирик компанияларнинг 90 фоизи камида битта солиқ имтиёзлари тақдим этувчи давлатда жойлашган. Рейтингдаги айрим мамлакатлар, Oxfam ташкилотига кўра, йирик компаниялар иштирокидаги солиқ можароларига аралашиб қолган. 

Жумладан, шу йилнинг август ойида ЕИ Ирландияни Apple компаниясидан қўшимча 13 млрд евро солиқ олишни тавсия қилди. Корпорация ушбу давлат ҳукумати билан эришилган келишувига кўра, мамлакат ғазнасига атиги 1 фоиз солиқ тўлаб келади. Бу эса, Қўшма Штатлардаги солиқ юкидан 35 фоизга, Ирландияникидан 12,5 фоизга камдир. Oxfam рейтингида Ирландияга 6-ўрин муносиб кўрилган. 

Ўтган йили ЕИ Starbucks компаниясидан ҳам Нидерландияда тежаб қолган 30 млн доллар солиқни тўлаб қўйишни талаб қилган эди. Fiat Chrysler компанияси ҳам Люксембург билан битими туфайли худди шу миқдорда солиқ тўлашга мажбур бўлди. 
Oxfam ташкилотининг солиқ сиёсати бўйича маслаҳатчиси Эсме Беркутнинг айтишича, «ҳукуматлар, мамлакат бюджетига ҳисса қўшишлари учун компанияларни мажбурлаши борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришлари керак». 

Шундай қилиб, Oxfam таснифи бўйича дунёдаги энг ёмон солиқ мамлакатлари: 

1.  Бермуда ороллари
2.  Кайман ороллари 
3.  Нидерландия 
4.  Швейцария 
5.  Сингапур 
6.  Ирландия 
7.  Люксембург 
8.  Кюрасао 
9.  Ҳонгконг 
10.  Кипр 
11.  Баҳама ороллари 
12.  Жерси 
13.  Барбадос 
14.  Маврикий 
15.  Британия Виржин ороллари

Ҳисоботда қайд этилишича, гарчи Буюк Британия рўйхатга киритилмаган бўлса-да, унинг 4та ҳудуди рейтингда борлиги етарлидир. Булар: Кайман, Бермуда ва Виржин ороллари ҳамда Жерсидир. 

Top