18:49 / 14.12.2016
6291

Эрдўған террорчилик билан курашда “миллий сафарбарлик” ҳақида маълум қилди

Туркия президенти Тоййиб Эрдўған мамлакат фуқароларини “миллий сафарбарлик”ка чақирди. У буни Истанбулда рўй берган навбатдаги терактдан сўнг террорчилик хавфи сабаб маълум қилган.

Истанбул марказида 10 декабрь куни юз берган портлаш оқибатида 44 киши ҳалок бўлганди. Теракт учун жавобгарликни “Курдистон озодлик қирғийлари” ўз зиммасига олди.

“Мен миллий сафарбарлик ҳақида эълон қиламан. Эндиликда тоғда ёки шаҳарда бўлган террорчилар, уларга ёрдам бераётганларга бир зум ҳам тинчлик берилмайди. Ўз хавфсизлик кучларимизга мурожаат қиламан: сиз билан террорчиларга қарши бутун мамлакат, бутун халқ. Ўзингизнинг барча ваколатингиздан фойдаланишингиз мумкин”, - дея маълум қилди Эрдўған Анқарада қишлоқлар маъмурияти раҳбарлари олдида чиқиш қилиб.

Унинг сўзларига кўра, Туркия ҳозирда Курдистон ишчи партияси, ИШИД, ислом дини тарғиботчиси Фатҳуллоҳ Гюленнинг ташкилоти ва бошқалар билан кураш олиб бормоқда. 

Эрдўғаннинг таъкидлашича, “маълум бир кучлар” Анқарани минтақадаги вазиятга аралаштирмаслик ва ички муаммоларга бор эътибор қаратишини истамоқда. “Биз бунинг учун барча имкониятларни ишга соламиз. Туркияни вайронага айлантиришларига йўл қўймаймиз. Бу Сурия, Ироқ, Ливия ва бошқа мамлакатларда рўй берди. Бироқ Туркияда бу бўлмайди”, - дея таъкидлаб ўтган Туркия етакчиси.
 

Top