10:26 / 14.12.2016
5780

Guardian: Россия ва Туркия Ҳалабдаги сулҳ бўйича келишувга эришишди

Фото: Getty Images

Россия ва Туркия ҳукуматлари Ҳалаб шарқидаги тинч аҳоли вакиллари ва қуролланган мухолифатни кўчириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда The Guardian нашри юқори лавозимли турк мулозимига асосланган ҳолда хабар қилмоқда. 

Таъкидланишича, ушбу келишув сабабли, шарқий Ҳалаб туманларида истиқомат қилаётганларнинг тирик қолиш имконияти пайдо бўлади. 

Нашр маълумотларига кўра, Туркия разведкаси ва Россия ҳарбийлари ўртасидаги келишув Ҳалаб ҳудудида ўт очишни тўхтатишни назарда тутган. У маҳаллий вақт билан кечки 18:00дан эътиборан кучга кирган. 

Турк мулозимининг айтишича, Анқара а Москва келишувга риоя этилишига кафил бўлишади. Бунинг натижасида тинч аҳоли вакиллари ва мухолифат аъзолари Идлиб вилоятига кетишлари мумкин бўлади. 

«Улар Идлибга етиб олишгач, бемалол кўчишлари мумкин бўлади», — дея қўшимча қилган манба. 

Бунда, қамалдаги Ҳалабнинг маҳаллий аҳолиси Сурия ҳукумат кучлари ва унинг Россия ва Эрон қиёфасидаги иттифоқчиларининг ҳатти-ҳаракатлари сабаб ҳалок бўлишдан хавотирланаётганлари ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар қолдиришган. 

Аввалроқ, АҚШ давлат департаменти расмий вакили Жон Кирбининг айтишича, улар Туркия ва Россия томонидан ишлаб чиқилган сулҳ ҳақидаги хабарларни кўришган. Шунга қарамай, давлат департаменти бу маълумотни тасдиқлаш учун етарли ахборотга эга эмас. 

Top