18:09 / 14.12.2016
5162

IBM раҳбари: АҚШда технология соҳасида тўлдирилмаган вакансиялар кўп

IBM (International Business Machines) бош директори Жин­ни Ро­мет­ти компаниянинг келаси 4 йил давомида АҚШда 25 минг кишини ишга олиши ва 1 миллиард долларни инвестиция қилиши ҳақида маълум қилди. USA Today нашри шу ҳақида хабар берди. 

Рометтининг таъкидлашича, Қўшма Штатларда технология соҳасида тўлдирилмаган вакансиялар ҳали кўп. Унинг сўзларига кўра, муаммо зарур кўникмаларга эга бўлган мутахассисларнинг етишмаслигидадир. 

"Булут технологиялар ва маълумотларни қайта ишлаш барча соҳаларни - саноатдан тортиб то қишлоқ хўжалигигача ўзгартиради. Шундай экан, янги кўникмаларни талаб қилувчи ишчи ўринлари пайдо бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, таълим, тайёргарлик ва рекрутга янгича ёндашувни талаб қилмоқда".

IBM баёнотига кўра, компания қарори 14 декабрда бўлиб ўтган Американинг етакчи технологик компаниялари раҳбарларининг Дональд Трамп билан учрашувига боғлиқ эмас. 

Сўнгги йилларда IBM АҚШдаги минглаб ишчи ўринлар қисқариши ва ресурсларни Ҳиндистон каби мамлакатларга кўчириш туфайли танқидга учраб келаётган эди.

Top