10:53 / 14.12.2016
10033

ОАВ: Япония Курилдаги икки оролга Америка базаларини жойлаштириши мумкин

Фото: AFP

Япония Хавфсизлик миллий кенгаши котиби Сётаро Яти россиялик ҳамкасби Николай Патрушев билан ноябрь ойида ўтказган учрашувида, жанубий Курил оролларининг иккитасида Америка ҳарбий базаларини жойлаштириш имкониятини рад этмаган. У Патрушевнинг саволига шу мазмунда жавоб берган, деб ёзмоқда "Асахи" газетаси кўплаб манбаларга асосланган ҳолда. 

"Япониянинг ҳудудий даъволар юзасидан келишувга эришиш борасида оптимизми ноябрь ойидан заифлаша бошлади. Ноябрь ойи бошида Москвага келган Япония хавфсизлик миллий кенгаши котиби Сётаро Яти Россия хавфсизлик кенгаши котиби  Николай Патрушев билан учрашган. Бир неча ҳукумат манбаларининг хабар қилишича, Патрушев суҳбатдошига "оролларда Америка базалари жойлаштирилиши мумкинми?", деган савол билан мурожаат қилган. Яъни, 1956 йилги Қўшма декларацияга биноан, Россия Японияга Курил оролларининг иккитасини топширса, шундай бўлиши эҳтимолига ойдинлик киритиш сўралган. Бунга, нашрнинг ёзишича, Яти "шундай эҳтимол бор", — дея жавоб берган. 

Газета, шунингдек, ҳукуматнинг бошқа мулозимлари фикрини ҳам келтирган. Уларга кўра, ороллар Японияга тегишли бўлар экан, Япония ва АҚШ ўртасидаги хавфсизлик келишуви шартлари мазкур оролларга ҳам таъсир қилиши аниқ. 

Россия ва Япония муносабатларини узоқ йиллардан буён икки ўртада тинчлик шартномаси бўлмагани бузиб келади. Япония Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи оролларига даъво қилади. Шу боис, тинчлик битимини имзолаш учун ушбу ороллар қайтарилиши Токио илгари сураётган асосий шартдир. 

1956 йилги Қўшма декларацияга мувофиқ, СССР Японияга Хабомаи ва Шикотан оролини қайтаришга рози бўлган. Бироқ, кейинчалик, Япония бу декларацияни рад этган. 

 

Top