09:14 / 16.12.2016
4375

Хитойда юқори лавозимли амалдорлардан бирига нисбатан тергов бошланди

Хитойнинг коррупцияга қарши бош органи – Хитой Коммунистик Партияси (ХКП)нинг интизом бўйича Марказий комиссияси – адлия вазирлигининг юқори лавозимли амалдорига нисбатан тергов жараёнини бошлади. У партия интизомини “жиддий бузганликда” гумон қилинмоқда, дейилади маҳкама баёнотида.

Маълум бўлишича, адлия вазирлигининг сиёсий бўлими раҳбари Лу Эньгуаннинг фаолияти текширувдан ўтказилмоқда.

Амалдор аввал табиий ресурслар вазирлигида ишлаган. Лу Эньгуан адлия вазирлигига 2009 йилда ўтган бўлиб, ҳозирги лавозимига 2015 йилда тайинланган.

Эньгуан айнан нимада гумон қилинаётгани номаълум, бироқ одатда “партия интизомини жиддий бузганлик” ибораси коррупцияга қарши тергов жараёнида қўлланилади.

Маълумот учун, Си Цзиньпин ХКП МҚ бош котиби (2012 йилнинг ноябри) ва ХХР раиси (2013 йилнинг марти) лавозимларига келганидан сўнг мамлакатда коррупция билан кенг қамровли кураш кампанияси бошланди. Ўшандан бери минглаб амалдорлар партия интизомини бузганлик ва коррупцияда айбланиб жазога тортилди.
 

Top